Ўзбекистонда яна икки компания Умра зиёратини ташкил этиш лицензиясини олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Дин ишлари бўйича қўмита Умра зиёратини ташкил этиш бўйича яна икки туристик компанияга лицензия берди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, жорий йил март ойида қўмита Умра зиёратини амалга оширишни хоҳлаган туроператорлардан аризалар қабул қилишни бошлаган, ҳужжатларни қабул қилиш жараёни 7 апрелда якунланган. Аризаларни кўриб чиққан танлов комиссияси Centrum Holidays ва Buxoro Umra Jamiyati компанияларига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шу тариқа, Умра зиёратини ташкил этишга рухсат олган турфирмалар сони умумий 14 тага етди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябрь ойида Вазирлар Маҳкамаси умра зиёратини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган дастлабки 12 та компания рўйхатини тасдиқлаган эди. Ушбу рўйхатга Тошкентдан 6 та, Намангандан 3 та, ҳамда Андижон, Марғилон ва Урганчдан биттадан компания киритилган.
Белгиланган талабларга кўра, Умра зиёратини ташкил этувчи компания:
«Зиёрат» хайрия жамғармасига 1 миллион доллар маблағ тўлаши,
Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилот билан расмий шартнома тузиши,
ҳамда зиёратчиларнинг тиббий хизматлари, овқатланиши, яшаши ва бошқа ташкилий масалалар учун тўлиқ жавобгар бўлиши лозим.