Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Иқтисод 06/10/2016 Ўзбекистонда яна битта эркин индустриал зонаси барпо этилади
Ўзбекистонда яна битта эркин индустриал зонаси барпо этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикасида яна битта эркин индустриал зонаси барпо этилади. Янги эркин саноат зонаси Самарқанд вилоятининг Ургут туманида ташкил этилади.

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016-йилнинг 5-октябрь куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида мазкур таклиф ташаббуси билан чиқди.

Шавкат Мирзиёев шу куни Ургут туманида ташкил қилинган саноат зонасини ҳам бориб кўрди. Майдони қарийб 42 гектар бўлган бу ҳудудда 40 саноат корхонаси, жумладан, 19 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларда 1 минг 200 га яқин киши меҳнат қилмоқда. Ўтган йили саноат зонасида қиймати 157,5 миллиард сўмлик 20 турдан зийод саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, экспорт ҳажми 10 миллион АҚШ долларидан ошди. Хусусан, бу ерда маҳаллий хомашйодан гилам ва гилам маҳсулотлари, синтетик тола, электр духовкалар, газ плиталари, бир марта ишлатиладиган пластик идишлар, полимер елим ва бошқа маҳсулотлар тайёрланмоқда.

2017-йилда туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича яна 78 лойиҳани амалга ошириш ва 3 минг 400 иш ўрни ташкил этиш режалаштирилаётгани таъкидланди.

Туман ерларидан унумли фойдаланиш, хусусан, адирли ерларга ёнғоқ, бодом, ток, унаби каби экинлар экиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ургут туманининг ресурс базасидан самарали фойдаланиш, саноат ва экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш, инвестиция ва илғор технологияларни жалб этиш мақсадида Ургут эркин индустриал зонаси ташкил этилишини алоҳида қайд этди.

Ургут тумани ҳокимлигида Самарқанд вилояти фаоллари билан бўлган учрашув аввалида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираси йодга олиниб, ҳурмат бажо келтирилди.

Йиғилишда Ургут тумани мисолида вилоятни истиқболда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг комплекс дастури кўриб чиқилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг