Валюта курслари 20/12/2024
$1 – 12875.06
UZS – 0.1%
€1 – 13406.80
UZS – -0.67%
₽1 – 124.75
UZS – -0.57%
Қидириш
Иқтисод 14/04/2012 Ўзбекистонда темир йўл тизими такомиллашмоқда
Ўзбекистонда темир йўл тизими такомиллашмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкентда Хитойнинг ZTE корпорацияси томонидан илғор темир йўл сигнализация технологиялари ва телекоммуникацияларига бағишланган халқаро семинар ўтказилди, хабар беради УзА.

Тадбирда “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясининг тегишли хизматлари ва бошқармалари вакиллари, шунингдек, Мўғулистон, Қозоғистон, Озарбойжон, Қирғизистон, Грузия ва бошқа давлатлардан темир йўллар бўйича раҳбарлар ва техник мутахассислар қатнашди.

Мамлакатимизда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида темир йўл транспортини изчил ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Тармоқда кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда, йўловчилар ва юк ташиш ҳажми ортмоқда. Ўзбекистон транспорт тизимида темир йўллар алоҳида ўрин эгаллайди ва мамлакатимизда ташилаётган юкларнинг асосий қисми улар ҳиссасига тўғри келади. Ушбу транспорт турининг асосий афзаллиги унинг ўтказувчанлик қобилиятининг юқорилиги, тизимнинг об-ҳаво шароитидан қатъи назар, барқарор ва узлуксиз ишлашидадир. Шунинг учун янги технологиялардан фойдаланган ҳолда темир йўлларни модернизация ва реконструкция қилиш тармоқни ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган. 2010 йилда ниҳоясига етказилган Тошкент-Ангрен участкасида алоқа ва сигнализация тизимини модернизация қилиш ва қайта ташкил этиш лойиҳаси бунга ёрқин мисол бўла олади.

ZTE корпорацияси вице-президенти, Осиё-Тинч океани минтақаси ва МДҲ давлатларида ҳукуматлар ҳамда корпоратив тармоқлар хизматлари бўйича техник директор Ян Цзюннинг айтишича, “Ўзбекистон темир йўллари” темир йўл компанияси ZTE корпорациясининг стратегик ҳамкори ҳисобланади. Корпорация алоқа соҳасидаги энг илғор ва самарали технологиялардан фойдаланган ҳолда, юқори самарали, тезюрар темир йўллар тармоқларини қуришда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга доимо тайёр.

“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ZTE корпорацияси кўмагида Тошкент-Ангрен участкасида барпо этган темир йўл сигнализацияси тизими бенуқсон ва узлуксиз ишламоқда. Мазкур янги тизим ишга туширилгандан буён ушбу участкада темир йўлларнинг ўтказувчанлик қобилияти 50 фоизга ошди. Бу, ўз навбатида, Ангрен ҳудудида саноатни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатди ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда халқаро логистика марказига айланишида муҳим омил бўлди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа доирасида 9 та станцияни ўз ичига олган узунлиги 119 километрлик участка модернизация қилинди. Сигнализациялаш тизимида компьютер блокировка тизимидан (CBI) фойдаланилмоқда, участкалар ўртасида станциялараро автоматик блокировка йўлга қўйилган, ўқларини рельс занжирлари билан биргаликда ҳисоб-китоб қилиш тизимини қўллаш темир йўллар самарадорлигини оширди ҳамда станцияларнинг навбатчи ишчилари фаолиятини анча енгиллаштирди. Темир йўл тизимида телефон алоқаси сифатида ўзини ўзи қайта тиклайдиган SDH халқа тармоғи – жамоат телефони ва махсус диспетчерлик алоқасининг бир-биридан ажратилган тизимидан самарали фойдаланилмоқда. Бу эса унинг ишончлилиги ва хавфсизлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг