Валюта курслари 11/07/2025
$1 – 12634.34
UZS – -0.15%
€1 – 14821.34
UZS – -0.01%
₽1 – 162.37
UZS – 0.3%
Қидириш
Молия 12/07/2025 Ўзбекистонда солиқ низоларини судгача ҳал этиш механизмлари такомиллаштирилмоқда

Ўзбекистонда солиқ низоларини судгача ҳал этиш механизмлари такомиллаштирилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Солиқ низоларини судгача ҳал этиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ушбу ҳужжат тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келадиган солиқ низоларини ҳал этишда вақт ва харажатларни қисқартиришга қаратилган.

Қарорга мувофиқ, Савдо-саноат палатаси ҳузурида Солиқ низолари бўйича экспертлар кенгаши ташкил этилмоқда. Унинг таркибига солиқ, иқтисодиёт, молия ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар киритилади.

Кенгашнинг асосий вазифалари — солиқ низоларини кўриб чиқиш, хулосалар бериш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ҳамда уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлади.

Бундан ташқари, экспертлар кенгаши бизнес ҳамжамияти, давлат органлари ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўяди.

Кенгаш доимий фаолият юритувчи коллегиал орган сифатида ташкил этилади. Унинг ишчи органи сифатида Савдо-саноат палатаси белгиланди. Кенгаш мажлислари камида ойда икки марта ўтказилиши белгиланган.

Кенгашга солиқ органлари қарорларидан норози бўлган тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳуқуқи берилган. Аммо бу ҳуқуқ жиноят иши доирасида ёки судда кўрилаётган масалаларга тааллуқли эмас.

Кенгаш томонидан қабул қилинган хулосалар мажбурий тарзда солиқ, божхона ва бошқа давлат органларига юборилади ҳамда тадбиркорларга маълум қилинади.

Кенгаш мутахассис ва экспертларни, тегишли соҳаларда зарур билим ва тажрибага эга бўлган шахсларни жалб этиш ҳуқуқига эга. Уларга тўлов тартиби Савдо-саноат палатаси томонидан белгиланади.

Шунингдек, кенгаш давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан (қонунчилик билан чекланмаган ҳолларда) зарур ҳужжат ва маълумотларни бепул талаб қилиш ҳуқуқига ҳам эга.

Савдо-саноат палатасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда икки ой муддатда Кенгаш фаолиятини ташкил этиш, солиқ низоларини судгача ҳал этишнинг афзалликлари ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш, чора-тадбирларнинг чораклик режа-жадвалини тасдиқлаш ва Кенгаш тўғрисидаги Низом лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш топширилди.

Бундан ташқари, кенгашда кўриб чиқилган солиқ низолари натижаларини ҳар чоракда умумлаштириш, давлат органлари ва кенг жамоатчиликка такрорланувчи муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар тўғрисида ахборот бериш белгиланди.

Солиқ қўмитасига солиқ низоларини судгача кўриб чиқиш жараёнларини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон ахборот алмашинувини ривожлантириш, онлайн мажлисларда қатнашиш имкониятини яратиш, солиқ тўловчилар ва уларнинг вакиллари учун махсус хоналарни ташкил этиш вазифалари юклатилди.

Кенгаш таркибига Савдо-саноат палатаси, давлат органлари, Тошкент халқаро арбитражи ва бошқа ташкилотлар вакиллари киритилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг