Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Миграция агентлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Германия тадбиркорлик маркази (DUWK) ҳамда “Касбий таълим ва хорижий тилларни ривожлантириш” нодавлат таълим муассасаси раҳбарияти ўртасида учрашув ўтказилди.
Унда “Немис тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш маркази”ни ҳамкорликда ташкил қилиш ва ушбу марказга Германияда малака ошириб қайтган ўқитувчиларни жалб қилиб, малакали мутахассисларни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Миграция агентлиги, “Касбий таълим ва хорижий тилларни ривожлантириш” нодавлат таълим муассасаси ва “Askania Future” компанияси ўртасида уч томонлама меморандум имзолашга ҳам келишиб олинди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистондаги Германия тадбиркорлик маркази ҳамда Германиянинг Саксония-Анхалт федерал ўлкаси ва “Askania Future” компанияси ҳамкорлигида немис тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Унга кўра 168 нафар ўзбекистонлик мутахассис Германияда халқаро стандартлар даражасида қайта тайёрланиб, касбий малакаларини ошириши режа қилинган. Биринчи босқичда 27 нафар мутахассис Германияда 8 ҳафталик малака ошириш курсларида ўқиб қайтди. Айни кунларда ҳам 27 нафар немис тили ўқитувчилари Германияда ўз малакаларини оширмоқда.