Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 25/11/2016 Ўзбекистонда муддатидан олдин овоз бериш бошланди
Ўзбекистонда муддатидан олдин овоз бериш бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 31-моддасига кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тўхтатилади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчилар, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакилларининг эътиборига етказилади.

Мазкур тартибдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси 2016 йил 16 ноябрда округ ҳудудидаги сайлов участкаларида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича муддатидан олдин овоз бериш 2016 йил 24 ноябрь куни бошланиб, 2 декабрь куни якунланиши тўғрисида қарор қабул қилган. Сайловчилар ушбу кунларда соат 9.00 дан 18.00 га қадар участка сайлов комиссияларига мурожаат қилиши мумкинлиги оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинган.

Пахтачи туманидаги 742-сайлов участкасида 24 ноябрь куни Сарой ва Амиробод маҳаллаларида истиқомат қилувчи, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган сайловчилар келиб, ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда муддатидан олдин овоз берди.

– Иш билан хорижий давлатга кетаётганим туфайли 4 декабрь куни овоз беришда иштирок эта олмайман, – дейди Жавлон Эргашев. – Ўзим яшайдиган ҳудуддаги 742-сайлов участкасига келиб, комиссия аъзоларига мурожаат қилдим. Улар менга сайлов варақаси беришди ва ўзим танлаган номзод учун овоз бердим.

Каттақўрғон туманидаги 364-сайлов участкасида ҳам ҳудудда истиқомат қилаётган уч нафар фуқаро муддатидан олдин овоз бериш бошланган дастлабки кунда ўзи танлаган номзод учун овоз бериб, сайлов варақаси муҳрланган конвертни участка сайлов комиссиясида қолдирди, деб хабар беради ЎзА.

– 2 минг 654 нафар сайловчи рўйхатга олинган участкамизда сайлов куни хизмат сафарида бўладиган фуқаролар ҳам бор, – дейди Самарқанд шаҳридаги 102-участка сайлов комиссияси раиси ўринбосари Дилноза Аҳмедова. – Аҳоли ўртасида сайлов қонунчилиги юзасидан ўтказилган тадбирлар давомида уларга муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга эканини тушунтирдик. Бугундан эътиборан ана шундай сайловчилар участкага келиб, сайлов варақаси асосида ўзлари танлаган номзод учун овоз бермоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг