Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 17/06/2016 Ўзбекистонда молия пирамидаси асосчиси қўлга олинди
Ўзбекистонда молия пирамидаси асосчиси қўлга олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистонда молия пирамидасини ташкил этган, халқ орасида Аҳмадбой деб ном қозонган Аҳмаджон Турсунбоев қўлга олинди. Бу ҳақда “Ўзбекистон” телеканали хабар берди.

Репортажда келтирилишича, Турсунбоев — Тошкент вилояти Чиноз туманидаги «Чиноз ҳалол чорва» ва «Чиноз авто ҳамкор» масъулияти чекланган жамиятларини таъсис этган. У ва унинг ходимлари аҳолидан ҳеч қандай кафолат бермаган ҳолда энг камида 100 фоизлик йиллик устама билан қайтариш шарти билан миллий ва хорижий валютада пулларни қабул қилиб олган.

Пул топширганлардан бирининг репортажда таъкидлашича, 8 млн. сўмни топширган ва 10 ойдан сўнг уни 16 млн. қилиб қайтаришга келишган — ҳар ойда 1,6 млн. сўмдан.Турсунбоевнинг ҳисобчиси интервьюда кунлик айланма 1 млн. АҚШ долларни ташкил қилгани ҳақида гапирди. У аввал пул топширганларга кейин топширилган пуллар ҳисобидан фоизлар тўлаб борилганини айтган.

Шунингдек, аҳолидан нақд пулдан ташқари автомобиллар, қимматбаҳо буюмлар ҳар ойда фоизлар тўлаб бориш шарти билан қабул қилинган. Бу жараён ҳеч қандай расмийлаштиришларсиз олиб борилган ва фақат оддий дафтарга кимдан нима олингани ёзиб қўйилган.

Репортажда Аҳмадбойнинг ҳашаматли уйидаги гаражда жойлашган қимматбаҳо автомобиллар кўрсатилган. Шунингдек, аҳолидан 1 йилда 2 та қилиб қайтариш эвазига қорамоллар ҳам қабул қилинган ва улар учун фермалар ташкил этилган. Ходимлардан бири шу мақсадда 5-6 та ферма қурилгани, уларнинг ҳар бири 5-6 минг туёқ қорамол учун мўлжаллангани ҳақида гапирган.

Репортажда қайд этилишича, бу гуруҳ 4-5 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётганди. Маълум қилинишича, тезкор тадбир орқали Аҳмадбойдан ташқари унинг беш нафар ёрдамчиси ҳам қўлга олинган. Улар автомобилларни нақд чет эл валютасига сотиш ва валютани конвертация қилишда айбланади.

Турсунбоевнинг ва унинг яқинлари уйларида, шунингдек, унга тегишли компаниялар офисларида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 13,139 млрд. сўм ҳамда 7,9 млн. доллар нақд пул топилган.

Вазият юзасидан жиноий иш қўзғатилган, тергов ишлари олиб борилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг