Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) --
2016-йил 26-28-май кунлари Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ва бир қатор тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикасида ҳамда вилоят марказларида ижтимоий, маънавий-маърифий тадбир «Адабиётга эътибор — келажакка, маънавиятга эътибор» шиори остида Республика «Китоб байрами» ўтказилмоқда. Бизнинг нашриётимиз анъанага мувофиқ Тошкент шаҳридаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғидаги байрам тадбирида иштирок этмоқда.
Мазкур маънавий тадбирни ташкил этишнинг бош мақсади қуйидагилардан иборат: Ўзбек адабиёти орқали халқ маънавиятини юксалтириш, ҳамда адабиётга, маънавиятга, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва улуғлашга давлат даражасида берилаётган эътиборни кенг жамоатчиликка яқиндан етказиш;
Ёш авлоднинг онгу шуурига миллий мустақиллик ғояларини сингдириш ва Она — Ватанга юксак садоқат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиш;
Ёшларни интеллектуал ривожланган ва маънан баркамол қилиб вояга етказишда китобнинг ўрни ва аҳамиятига ва китоб мутолааси маданиятига эътиборини кучайтириш;
Аҳолининг, айниқса, ёшларнинг миллий адабиётимизга ва жаҳон адабиёти дурдоналарига бўлган қизиқишини ошириш ҳамда оилавий китоб ўқиш анъаналарини тарғиб қилиш, ёзувчи ва китобхон ўртасидаги мулоқотни кучайтириш кабилардан иборат.
Байрам доирасида ўқувчи билан адибларнинг бевосита мулоқотларига алоҳида ўрин берилган бўлиб, нашриётлар таклиф этган таниқли адиб ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, мушоиралар ўтказадилар. Истироҳат боғининг турли ҳудудларида ташкил этилган махсус майдончаларида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишга йўналтирилган турли янги китоблар тақдимотлари; турли совринли интеллектуал ўйин ва викториналар; ижтимоий сўровнома; китоблар кўргазмаси ўтказилади.
Республика «Китоб байрами»нинг иккинчи куни, яъни 27-май куни «Китоб — миллатнинг бебаҳо маданий ва маънавий мероси» мавзуида IV илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.
Ушбу конференциянинг ташкилотчилари — Матбуот ва ахборот агентлиги, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика Маънавият ва тарғибот маркази ва «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатидир.