Валюта курслари 21/02/2025
$1 – 12929.92
UZS – -0.16%
€1 – 13496.25
UZS – -0.07%
₽1 – 146.25
UZS – 2.61%
Қидириш
Технологиялар 18/02/2025 Ўзбекистонда  “Илм-фан ва атом” олтинчи халқаро фестивали ўтказилди

Ўзбекистонда  “Илм-фан ва атом” олтинчи халқаро фестивали ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 12-15 февраль кунлари мамлакатимизда бўлиб ўтган ушбу “Илм-фан ва атом” олтинчи халқаро фестивалида 600 дан ортиқ ўқувчилар, талабалар, ўқитувчилар ҳамда атом соҳаси етакчи мутахассислари  иштирок этди. Унда иштирокчилар атом илми ва технологиялари, атом энергетикаси келажаги, соҳанинг касбий имкониятлари каби қатор масалаларда фикр алмашди.

Қайд этилганидек, ушбу фестиваль мамлакатдаги энг йирик таълимий тадбирлардан бири бўлиб, ёшлар орасида атом илми, технологиялари ва муҳандислик соҳаларини оммалаштиришга қаратилган.

Фестивалнинг илк тадбири Тошкентдаги “MMФИ” МТЯУ филиалида ташкил этилди. Унда мазкур олийгоҳнинг ижрочи директори Шавкат Абдукомилов  бу каби тадбирлар фан тараққиёти ва Ўзбекистоннинг атом соҳаси учун кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

“Сўнгги йилларда Ўзбекистон атом энергетикаси ривожланишида катта қадамлар қўймоқда. Биринчи атом электр станциясининг қурилиши энергетик мустақиллик ва барқарор ривожланишга кенг йўл очади. Бу жараёнда бизнинг университетимиз – “MMФИ” МТЯУ муҳим роль ўйнаб, унда атом соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрланмоқда. Бугунги фестиваль ядро технологияларининг энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва тиббиётда қўлланилиши ҳақида билиб олиш баробарида,  ҳар бир иштирокчи учун илм-фан йўналишида ўзининг муносиб йўлини белгилаш имконияти ҳамдир. Интерактив маърузалар, илмий шоулар, замонавий лабораторияларга экскурциялар ёшларни тадқиқот ва инновацияга қизиқиш ўйғотишга қаратилгани билан эътиборлидир”, – деб таъкидлади у.

Фестиваль дастуридан маърузалар, маҳорат дарслари, илмий тажрибалар, интерактив намойишлар ва кинофильмлар кўрсатуви ўрин олди. Иштирокчилар таҳлилий тадбирлар билан бирга, физика жараёнларини кузатиб ўрганиш имконига эга бўлдилар. Масалан, улар анъанавий ёриш чироқлари билан LED лампаларнинг фарқини ўрганиб, ўз қўллари билан ёритиш қурилмасини йиғдилар, шахсий электр пианиносини яратишди ва электрнинг инсон организмига таъсирини намоён этувчи илмий тажрибаларда иштирок этдилар.

Фестиваль нафақат билим манбаи, балки самарали касбий йўналтириш майдони ҳам бўлди. Унда талабалар ва мактаб ўқувчилари атом энергетикаси соҳасида таълим олиш имкониятлари, стипендия дастурлари ва юқори технологияли тармоқлардаги касбий фаолият истиқболлари ҳақида маълумот олдилар.

Аҳамиятлиси шуки, ҳар куни иштирокчилар учун махсус контент тақдим этилди. Жумладан, 14 ва 15 февраль кунлари Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техник университети  ва Жиззах политехника институтида Оливер Стоуннинг “Атом” ҳужжатли фильми намойиш этилди. Фильмда атом энергетикасининг экологик тоза ва ишончли манба сифатида ривожланишини муҳокама қилувчи долзарб масалалар кўтарилган. Томошадан сўнг иштирокчилар фильм ҳақида мутахассислар билан фаол фикр алмашиб, атом энергетикаси ва унинг Ўзбекистондаги истиқболлари ҳақида саволлар йўлладилар.

Ташкилотчиларнинг фикрига кўра, ёшлар орасида илм-фан ва атом технологияларига бўлган қизиқиш йил сайин ошиб бормоқда. “Ўзатом” агентлиги матбуот хизмати раҳбари, агентлик директори матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи Гулрухсор Равшанова мазкур тадбирнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

“Илм-фан ва атом фестивали – бу шунчаки таълимий учрашувлар силсиласи эмас. Бу мамлакатимиз технологик келажагини шакллантиришга қаратилган муҳим қадамдир. Олти йил мобайнида фестиваль мактаб ўқувчилари, талабалар, ўқитувчилар, олимлар ва атом соҳаси мутахассисларини бирлаштирувчи мулоқот майдонига айланиб улгурди. Бу йилги фестивалда замонавий дунёда долзарб бўлган янги форматлар, жумладан, сунъий интеллект йўналиши тақдим этилди. Бу нафақат муҳим масала, балки иштирокчилар учун илғор технологияларга чуқурроқ кириб бориш ва креатив тафаккурини ривожлантиришга қаратилган ноёб имкониятлар яратади. Айниқса, фестивалга ташриф буюрган мактаб ўқувчиларининг Тошкентдаги “MMФИ” МТЯУ филиалида ўқишга қизиқиш билдириши ва кейинчалик ушбу нуфузли олийгоҳнинг абитуриентига айланиши қувонарли ҳолдир. Бу эса фестивалнинг ёшлар орасида касбий интилишларни шакллантирувчи платформа сифатидаги аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди.

Бу йилги фестивалда икки янги майдончанинг пайдо бўлиши муҳим воқеалардан бири бўлди. Жиззах политехника институти улардан бири бўлиб, мазкур олийгоҳ Ўзбекистондаги биринчи атом электр станцияси қурилаётган ҳудудда жойлашганидир. Шу тариқа, фестиваль нафақат ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда, балки замонавий тенденцияларга мос равишда фаол ривожланиб, муҳандислик мутахассисликларига қизиқувчи ёшларни жалб этмоқда. Бу эса келажакда мамлакатимиз атом энергетикаси ва соҳанинг илғор ишланмалари марказига айланади. Айнан шу ерда, фестиваль доирасида янги ғоя ва мақсадлар шаклланади ҳамда юртимизда илғор ташаббусларни илгари суришга пухта замин яратилади”, –деб таъкидлади у.

“Илм-фан ва атом” халқаро фестивали Ўзбекистонда 2019 йилдан буён “Росатом” давлат корпорацияси ва “Ўзатом” агентлиги кўмагида ўтказиб келинмоқда.

Маълумот учун:

“Илм-фан ва атом” халқаро фестивали ҳар йили ўтказиладиган таълимий тадбир бўлиб, ёшлар орасида муҳандислик ва техник мутахассисликларни оммалаштиришга қаратилган. Фестиваль дастурига маърузалар, маҳорат дарслари, илмий намойишлар, амалий машғулотлар ва экскурциялар киритилган.

“Илм-фан ва атом” халқаро фестиваллари атом саноати ва ядро технологиялари ривожланаётган кўплаб мамлакатларда ўтказилади. Шунингдек, бугунги кунда ушбу тадбирлар атом энергетикаси ва ядро технологияларининг ноэнергетик қўлланилишини ривожлантираётган Бангладеш, Ҳиндистон, Беларусь, Арманистон, Миср, Вьетнам, Индонезия  каби қатор давлатларда  ташкил этилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг