Ўзбекистонда ҳаж ва умра зиёрати соҳасида 25 млрд сўмлик фирибгарлик ҳолатлари аниқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси ҳаж ва умра зиёратини ташкил этиш соҳасида фирибгарлик ҳолатлари аниқланганини маълум қилди.
Хусусан, Panorama Airways ва Gulbakhor Airways компаниялари мисолида келтирилган ҳолатларда жами 25 млрд сўмлик моддий зарар етказилгани қайд этилган. Қўмита маълумотларига кўра, ушбу ноқонуний фаолият натижасида 2 558 нафар фуқаро жабр кўрган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу компаниялар ва фуқароларни чалғитган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрган.
Қўмита таъкидлашича, ҳаж ва умра зиёрати хизматларини кўрсатиш фақат тегишли лицензияга эга бўлган компаниялар орқали амалга оширилиши мумкин. Бугунги кунда бу хизматларни кўрсатиш ҳуқуқига эга 12 та расмий туроператор рўйхати эълон қилинган.
Шу муносабат билан фуқароларга фақат лицензияга эга компанияларга мурожаат қилиш тавсия этилади. Агар шубҳали реклама ёки ноқонуний ҳаракатлар кузатилса — дарҳол 1159 рақами орқали хабар бериш сўралмоқда.
«Ушбу соҳада лицензиясиз фаолият юритиш мутлақо ман этилган», — дея таъкидлади Қўмита.