Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда аҳолининг юқори сифатли тиббий хизмат олиш ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмларига киритилмаган қўшимча тиббий ёрдам кўрсатишни ҳуқуқий тартибга солиш, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш орқали уларга касбий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини бериш тизимини жорий этишга қаратилган нормалар белгиланмоқда.
Бундан ташқари, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасига бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмида белгиланганидан ортиқча тиббий ёрдам ва бошқа хил қўшимча хизматлар, шунингдек, оилавий шифокор ёки тиббиёт бригадаси йўлланмаси бўлмасдан, тўғридан-тўғри мурожаат қилган фуқароларга пулли асосда тиббий ёрдам кўрсатиш таклиф этилмоқда.
Мазкур қонуннинг 41-моддасига эса тиббий таълим ташкилотларини тамомлаганлик тўғрисида диплом олган шахсларга мавжуд малака тоифасини олиш тизими ичида автоматик тарзда давлат рўйхатидан ўтказилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларини билдирди.
Лойиҳа юзасидан кўтарилган қатор саволларга қонун ташаббускорлари батафсил тушунтиришлар бериб ўтди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг юқори сифатли тиббий хизмат олиш ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида фуқароларга қўшимча тиббий ёрдам ва оилавий шифокор ёки тиббиёт бригадаси йўлланмасисиз тўғридан-тўғри пуллик асосда тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради.
Эътиборлиси, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг шахсий масъулиятини кучайтириш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириб бориш, асосийси, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Қизғин муҳокамалар ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.