Ўзбекистонда фирибгарлик ва транспорт воситасини олиб қочганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) --
6-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар, шунингдек, жиноятчилик ҳолатининг, ундаги ўзгаришларнинг ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлилини ҳисобга олган ҳолда фирибгарлик ва транспорт воситасини олиб қочганлик учун жиноий жавобгарликни янада такомиллаштиришга қаратилган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини кўриб чиқдилар.
Қонунчилик палатаси депутатларининг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кучайтиришга, жазоларнинг адолатлилиги принципини таъминлашга, шунингдек, мазкур соҳаларда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга кўмаклашади.