Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 15/11/2016 Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналар сони икки баробарга ошади!
Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналар сони икки баробарга ошади!
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида мамлакатимизда юқори технологияли янги ишлаб чиқариш кувватларини ташкил этиш, замонавий саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни жадаллаштириш устувор вазифа деб белгиланган.

Шунинг учун бундай долзарб вазифаларни амалга оширишда эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб эркин (махсус) иқтисодий зона (ЭИЗ)лар халқаро иқтисодий муносабатларнинг ажралмас қисмига айланди. Жаҳон хўжалик алоқалари учун эркин иқтисодий зоналар халқаро товар айирбошлашни фаоллаштириш ҳисобига иқтисодий ўсишни тезлаштириш, сармояларни жалб этиш, иқтисодий жараёнларни чуқурлаштириш омили сифатида муҳим роль ўйнамоқда. Ўтган асрнинг 90-йилларида турли кўринишдаги минглаб эркин иқтисодий зоналар фаолият кўрсата бошлади. Бугунги кунда дунёда 3,5 мингдан зиёд ЭИЗ бўлиб, улар 140 тага яқин мамлакатда жойлашган. Бутун дунёдаги ЭИЗларда салкам 70 миллион киши меҳнат қилади. Уларнинг йиллик савдо айланмаси эса 500 млрд. доллардан зиёддир.

Ўзбекистонда ҳам ҳозирги вақтда Навоий, Жиззах ва Ангрен ҳудудларида эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, Навоий эркин иқтисодий зонасида бугунги кунда 124,2 млн. долларлик инвестиция эвазига Жанубий Корея, Буюк Британия, Италия, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Сингапур, Россия давлатлари билан ҳамкорликда 24 та лойиҳа муваффақиятли фаолият юритмоқда. Энг муҳими, шу кунгача киритилган инвестицияларнинг 34,2 млн доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобланади. Мавжуд корхоналарда 100 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, узлуксиз экспорт йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда “Ангрен” махсус индустриал зонасида жами 11 корхона фаолият кўрсатаяпти. Уларда шакар ва мис қувурларидан ташқари, кўчалар ҳамда бинолар учун тежамкор ёритқичлар, кўмир брикетлар, замонавий қурилиш материаллари кабим аҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Умуман олганда, “Ангрен” МИЗ маъмурий кенгаши томонидан 23 та лойиҳа маъқулланган бўлиб, уларнинг қиймати қарийб 458 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. “Жиззах” МИЗда бугунги кунга қадар 51 миллион долларлик (унинг ярмидан кўпи тўғридан-тўғри хорижий сармоялар) 13 та лойиҳа амалга оширилди. Жорий йилда уларнинг сонини 11 тага кўпайтириш ва бунинг учун 156 миллион долларлик инвестиция жалб этиш мўлжалланган.

Яқинда давлат раҳбарининг “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эркин иқтисодий зоналарни изчил ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этишни кенгайтириш борасида яна бир муҳим қадам бўлди.

Партиямиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловолди дастурида инновацион лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга имкон яратувчи янги эркин иқтисодий зоналарни Қўқон шаҳри, Ургут ва Ғиждувон туманларида ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Ушбу режаларнинг амалга ошиши жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш ва унинг самарадорлигини оширишда катта имконият беради. Энг муҳими, хорижий юқори унумли асбоб-ускуналар ва техника, технологик линиялар ҳамда модуллар, инновация технологияларини жорий этиш орқали жаҳон бозорларида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш туфайли аҳоли даромадлари ошишига хизмат қилади.

Партиямиз номзоди сайловолди дастури шиорларидан бири: “Битта мақсад бизни бирлаштиради, у ҳам бўлса: Ватанимиз тараққиётидир!”

Бу эзгу мақсад юртимиз эртасида ўз инъикосини топсин, мамлакатимиз келажакда дунёнинг энг тарраққий топган давлатлари қаторида ўз муносиб ўрнига эга бўлсин, деганларни номзодимиз учун овоз беришларига чақирамиз.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг