Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар, илмий муассасалар билан ҳамкорликда табиий ресурсларни бошқаришни такомиллаштириш, биохилма-хилликни сақлаш, сув ресурсларини комплекс бошқариш борасида янги лойиҳалар устида иш олиб бормоқдалар.
Маълумки, 2024 йил 4-5 март кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган семинарда Экотизимни тиклаш, табиий ресурсларни бошқаришни яхшилаш ва мустаҳкамликни ошириш учун Марказий Осиё сув ва ер муносабатлари (CAWLN) минтақавий дастури доирасида бир қанча лойиҳаларнинг дастурларини ишлаб чиқиш расман бошланган эди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар Марказий Осиёнинг заиф экотизимларида ерларни тиклаш, Амударё, Зарафшон, Панж, Сирдарё ва Норин дарёлари ҳавзаларида сув ресурсларини комплекс бошқаришни кучайтириш, экотизимлар ва биохилма-хилликни сақлашни яхшилаш учун табиий ресурсларни комплекс бошқаришга қаратилган.
Маълумки, Ўзбекистон мевали дарахтлар, сабзавот ва полиз экинларининг ноёб хилма-хиллигига эга. Ушбу биохилма-хилликни сақлаб қолиш, келажак авлодларга етказиш, уларни бир қатор хусусиятларидан самарали фойдаланиш бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга.
Куни кеча Тошкент шаҳрида ФАО экспертлари, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, илмий-тадқиқот институтлари вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Ўзбекистонга ташриф буюрган ФАОнинг қишлоқ хўжалиги бўича эксперти Каролина Стар иштирокчилар билан ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши, уларнинг мақсад ва вазифалари ҳамда ҳамкор ташкилотларни аниқлаш бўйича муҳокамалар ўтказди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил февраль ойининг бошида Вашингтонда бўлиб ўтган Глобал экологик жамғарма (GEF) Кенгашининг 66-йиғилиши доирасида CAWLN Минтақавий дастурининг 5 та лойиҳасига 26 миллион доллар ажратилган эди. Таъкидлаш жоизки, бешта лойиҳадан умумий қиймати 18,6 миллион доллар бўлган тўртта лойиҳа
Ўзбекистон иштирокида ФАО кўмаги билан амалга оширилади.
Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши иқлим ўзгариши ва биохилма-хилликни муҳофаза қилиш орқали Ўзбекистоннинг ривожланишига катта ҳисса қўшади ва келгусида бу борада ўзаро ҳамкорликда катта муваффақиятларга эришилади.