Ўзбекистонда Dongfang Electric компаниясининг йирик энергетика объектлари учун кабель маҳсулотлари етказиб бериш масаласи муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзелтехсаноат» уюшмаси масъуллари ташаббуси билан «Uzkabel» АЖ ва «Procab» МЧЖ ҚК корхоналарида Хитойнинг “Dongfang Electrical Corporation” компаниясининг МДҲ (МДҲ – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги) бўйича вакили жаноб Ву Ҳао иштирокида навбатдаги учрашувлар ташкил этилди.
“Dongfang Electrical Corporation” – халқаро миқёсда тан олинган, энергетика инфратузилмасини барпо этишга ихтисослашган йирик компания бўлиб, бугунги кунда Masdar, ACWA Power, China Datang, China Huadian Overseas каби глобал миқёсдаги инвесторларга Бош пудратчи сифатида хизмат кўрсатмоқда.
Учрашув давомида компания томонидан Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилаётган ва режалаштирилаётган қатор стратегик лойиҳалар муҳокама қилинди. Жумладан:
Тошкент вилояти, Бўка туманида қуввати 320 МВ бўлган қуёш электр станцияси қурилиши;
Қашқадарё вилояти, Ғузор туманида 300 МВ қувватдаги қуёш электр станцияси лойиҳаси;
Бухоро вилояти, Олот туманида 150 МВ қувватга эга энергия сақлаш тизими;
Шамол ва гидро электр станциялари қурилишига оид истиқболли лойиҳалар.
Учрашувда асосий эътибор мазкур лойиҳаларда фойдаланиладиган кабель-сим маҳсулотларини Ўзбекистоннинг маҳаллий электротехника корхоналаридан кооперация асосида харид қилиш масаласига қаратилди.
Бу орқали нафақат маҳсулот етказиб бериш бўйича янги ҳамкорлик йўлга қўйилади, балки электротехника саноатининг салоҳияти ва маҳаллийлаштириш кўрсаткичлари ҳам сезиларли даражада ошади.
Томонлар ўртасида маҳсулот турлари ва техник параметрлар юзасидан фикр алмашинуви асосида музокаралар олиб борилиб, яқин кунларда амалий келишувларга эришиш бўйича ўзаро манфаатли таклифлар билдирилди.
Хорижий йирик компаниялар билан бундай стратегик алоқалар электротехника саноатининг йирик лойиҳаларда фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда.