Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари аралаш молиялаштиришнинг жаҳон тажрибаси ва бу йўналишда мамлакатимизда амалга ошрилаётган ишларни таҳлил қилди.
Ўзбекистон 2015-йилдан буён БМТ томонидан илгари сурилган ва 2030-йилга қадар Глобал кун тартибида бўлган Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) ни амалга ошириб келмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида иқтисодиётга 2026-йилга қадар жами 120 миллиард АҚШ доллари, жумладан 70 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестицияларни жалб этиш белгиланган. Бу эса янги инновацион молиялаштириш манбаларидан кенг фойдаланишни талаб этади.
Барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаштириш учун тижорат маблағларини жалб қилишда аралаш молиялаштиришдан фойдаланиш Ўзбекистон сингари ривожланайтоган мамлакатлар учун муҳим аҳамиятга эга.
Аралаш молиялаштириш ёндашувидан давлат ва ҳомийлик фондлари лойиҳанинг хатарли жиҳатларини камайтириш (кафиллик ва хатарларни суғурталаш, лойиҳалаштиришда техник ёрдам кўрсатиш) ҳамда молиялаштириш ҳажмини ошириш ва сармоя қийматини (таннархини) камайтириш (имтиёзли кредитлар, қўшма фондлар ва молиялаштириш) мақсадида фойдаланилади.
Масалан, таиландлик тадбиркор К.Ванди "қуёш фермаси" қуриш учун кредиторларга мурожаат қилганида, улар бундай текширилмаган бозорга пул ажратишни истамаганди. 2011-йилда тадбиркорга Халқаро Молия корпорацияси томонидан жами 8 миллион АҚШ доллари миқдорида тижорат кредити, шу жумладан, Иқлим инвестиция фонди
4 миллион АҚШ доллари ҳажмида имтиёзли кредиларни (паст фоизда) тақдим этди. Бунинг натижасида ушбу соҳага бўлган ишонч ортиб, компания 2015-йилда қўшимча 800 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хусусий сектор маблағларини жалб қилишга эришди.
Бугунги кунда ривожланаётган мамлакатлар аралаш молиялаштиришдан фойдаланиб, барқарор ривожланиш мақсадларига қарийб 172 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиций жалб қилган.
Аралаш молиялаштириш бўйича дунёда етарлича тажриба тўпланган бўлсада, юртимизда ушбу соҳада дастлабки қадамлар қўйилмоқда.
"Яшил" энергия бўйича БААнинг йирик компанияларидан бири "Masdar" Ўзбекистонда шамол ва қуёш электростанцияларини қуришда аралаш молиялаштиришдан фойдаланган ҳолда жами 154 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестицияларни жалб қилди. Ушбу маблағлар Халқаро молия корпоратсиаяси (ХМК), Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Канада иқлим фонди, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Голландия тадбиркорликни ривожлантириш банки томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар асосида шакиллантирилди.
БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фондига Европа Иттифоқи, Финляндия, Норвегия давлатлари ва Европа инвестиция банки, Kreditanstalt fur Wiederaufbau банки (Германия) томонидан жами 163,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар аралаш молиялаштириш орқали ажратилди. Ушбу молиявий ресурслар аҳолини тоза ичимлик суви, сифатли тиббий хизмат билан таминлаш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш учун йўналтирилади.
Аралаш молиялаштириш тушунчаси пайдо бўлганига кўп вақт ўтмаган эсада, мамлакатимизда жадал суръатларда ривожланаяпти ва яқин истиқболда ўз самарасини беради.