Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Яманни мағлуб этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг ёшлар терма жамоаси 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатининг биринчи учрашувида Яман терма жамоасини қийинчилик билан мағлуб этди.
Хитойнинг Шенчжен шаҳрида бўлиб ўтган учрашув ўзбек жамоаси учун муваффақиятли бошланди — 26-дақиқада Муҳаммадали Ўринбоев бош билан аниқ зарба йўллаб ҳисобни очди. Бир нечта хавфли ҳужумларга қарамай, ўзбекистонликлар устунликни ошира олмади ва бир қатор голли вазиятларни қўлдан бой берди.
Иккинчи бўлим Ўзбекистон термаси учун оғир ўтди. Яман футболчилари фаоллашиб, бир нечта жарима зарбалари ишлади, аммо ўзбек жамоасининг дарвозабони барча хавфларни бартараф этди. Кейинчалик рақиб ҳисобни тенглаштириш учун тўртта аниқ имконият яратди, бироқ улардан фойдалана олмади.
Ўзбекистон терма жамоаси «C» гуруҳида Эрон, Яман ва Индонезия жамоалари билан бирга иштирок этмоқда. Жамоа навбатдаги ўйинини 16 февраль куни Индонезияга қарши ўтказади.
Қўшимча қилиб ўтамиз, турнирнинг тўртта энг яхши жамоаси 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Мазкур чемпионат Чилида бўлиб ўтади.