Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш бўйича яна бир давлат билан икки томонлама музокараларни якунлади. Бу ҳақда Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Урунов ўзининг LinkedIn саҳифасида маълум қилди.
Урунов қайси давлат ҳақида сўз кетганини аниқламади, аммо музокаралар жуда ҳиссиётли ўтганини таъкидлади. «Аммо биз ўз мақсадимизга эришдик», — деб қўшимча қилди у.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича бош музокарачиси айтиб ўтишича, шу пайтгача 23 давлат билан музокаралар якунланган, қолган шериклар билан жараён давом этмоқда.
Якунланган келишувлар орасида АҚШ, Хитой, Филиппин, Бразилия, Шри-Ланка, Франция, Италия ва Исроил каби давлатлар бор.