Ўзбекистон дунё хайр-саховат рейтингида (World Giving Index) 11-ўринни эгаллади. Рейтинг Charities Aid Foundation (CAF) хайрия жамғармаси томонидан тақдим этилган.
Рейтингни тузиш учун CAF фонди жаҳоннинг 140 та давлатида инсон саховати ҳамда яқинларга кўмак беришга тайёрлигини ўрганди. Бунда нафақат инсонларнинг турли хилдаги хайрия лойиҳаларига маблағ беришга ва кўнгиллилар иши билан шуғулланишга тайёрлиги, балки нотаниш инсонга ёрдам беришга — унинг қорнини тўйдириб, охирги кўйлаги билан бўлишишга тайёр эканлиги ўрганиб чиқилди.
CAF ҳисоботига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 52 фоизга яқини турли хайрия тадбирларида иштирок этишади. Жумладан, аҳолининг 67 фоизи бегона инсонга кўмак беришга тайёр (16-ўрин).
CAF нинг қайд этишича, Ўзбекистон аҳолисининг 62 фоизи пулни эҳсон қилади (16-ўрин), мамлакат фуқароларининг 27 фоизи кўнгиллилик иши билан шуғулланади (40-ўрин).
2016-йилги рейтингга Мьянма давлати карвонбошилик қилмоқда. Иккинчи ва учинчи ўринларни мос равишда АҚШ ва Австралия давлатлари банд қилган. Рейтингнинг сўнгги ўрнини (140) Хитой мамлакати эгаллаган.