Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 02/02/2022 Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда
Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда

Хитойнинг машҳур «Belt and Road Outlook» журналида Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиеванинг “Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги олий таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлиги” рукни остидаги мақоласи эълон қилинди.

Муаллифнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда хитой тили ва адабиёти, Хитой тарихи ва маданиятини ўрганиш минг йилларга бориб тақалади ва икки халқ ўртасидаги анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари билан узвий боғлиқдир. Кўп томонлама муносабатларнинг энг тез гуллаб-яшнаши Буюк ипак йўли даврига тўғри келди, унинг тарихий марказлари Тошкент, Жиззах, Қўқон, Самарқанд, Бухоро ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари бўлган.

Мақолада таъкидланганидек, бугунги кунда икки давлат ўртасидаги олий таълим соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ХХР Таълим вазирлиги ўртасида 1999 йил 8 ноябрдаги олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга асосланади. 

Қайд этилишича, ҳар йили ХХР давлатлараро ҳамкорлик ва ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳамкорлик дастури доирасида Хитой университетларида бир йиллик амалиёт ўташ учун 60 та грант ўринларини ажратади. Мазкур грантлар доирасида талабалар ва стажёрлар Хитойга нафақат хитой тилини ўрганиш, балки амалиёт ўташ, таълимнинг турли йўналишлари ва иқтисодиёт тармоқларида малака ошириш мақсадида ҳам боради. Шу билан бирга, фуқароларимиз ХХР университетлари ва Конфуций институтлари орқали грант асосида амалиёт ўташ имкониятига эга.

Ўзбекистонда Конфуций институтлари ташкил этилганидан буён минглаб ўзбекистонликлар хитой тили бўйича ўқитилди, хитой тилини билиш даражаси учун HSK сертификатларга эга бўлди, Хитойнинг анъана ва урф-одатлари, маданияти билан яқиндан танишди, деб ёзади нашр.

Ўзбекистонда ҳам хитой тили биринчи ёки иккинчи чет тили сифатида ўрганиладиган олий ўқув юртлари сони ортиб бормоқда. Ўзбекистонда хитойшунослик йўналишидаги таянч олий таълим муассасаси ва Марказий Осиё минтақасида хитойшунос мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган биринчи олий ўқув юрти Тошкент давлат шарқшунослик университетидир (ТДШУ).

Материалда айтилишича, университет Хитойнинг бир қатор олий ўқув юртлари билан алоқа ўрнатган. Улар орасида Шанхай, Ланчжоу, Хунан педагогика, Тянжин политехника университети, Сиан халқаро тадқиқотлар университети ва бошқалар бор.

2022-2023 ўқув йилидан бошлаб Далян шаҳридаги Ляонинг педагогика университети билан “Хитой филологияси” таълим йўналиши бўйича қўш диплом дастурини йўлга қўйиш режалаштирилган. Ушбу дастур Хитой университетлари билан биринчи марта иккита диплом дастури бўлади.

“Жорий йилда ТДШУ қошида Ўзбекистон-Хитой илмий-тадқиқот марказининг очилиши хитойшунослик ривожидаги яна бир муҳим воқеа бўлди, - дейилади журналда. - Монографиялар тайёрлаш, Хитойнинг ички ва ташқи сиёсати ва иқтисодий тажрибасини ўрганиш, Буюк ипак йўлининг ўрни ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, янги авлод дарсликларини яратиш, электрон аризалар, ёш тадқиқотчиларни тайёрлаш муҳим йўналишлар хисобланади”.

Шубҳасиз, ХХР университетлари ва ташкилотлари билан давом этаётган ҳамкорлик хитой тилини мукаммал биладиган, хитойшунослик соҳасида кенг ва чуқур билимга эга бўлган кадрлар тайёрлашни яхшилашга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, икки дўст давлат ўртасидаги ҳамкорлик учун янги уфқларни очади, деб ёзади «Belt and Road Outlook».

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг