Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари Хитой Халқ Республикасининг Гуанси провинцияси Қишлоқ хўжалиги департаменти директори ўринбосари Жианг Бо бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди.
Унда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ қилиш борасида муҳокамалар олиб борилди.
Учрашув аввалида жорий йилда Ўзбекистон-Хитой муносабатлари, айниқса қишлоқ хўжалиги соҳасида, хусусан, пахтачилик, уруғчилик, илмий-тадқиқот йўналишларида ривож топгани қайд этилди.
Мулоқот давомида балиқ озуқасини ишлаб чиқариш, чорвачилик, уларнинг касалликларига қарши курашиш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича бир қатор таклифлар ўртага ташланди.
Бундан ташқари, илғор қишлоқ хўжалиги технологиялари ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасида ҳам муҳокамалар олиб борилди.
Бунда Ўзбекистондаги мавжуд имконият ва талабларни ўрганган ҳолда аниқ таклифлар ишлаб чиқиш борасида Хитой делегацияси ўрганиш олиб бораётганлигини маълум қилди.
Шу ўринда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари Вазирлик ваколат доирасида ҳар қандай ёрдамга тайёрлигини билдириб ўтишди. Учрашув якунида қишлоқ хўжалигининг бир нечта тармоқлари бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда бу борада келгусида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди.