Ўзбекистон ва Хитой олий таълим муассасалари ўртасида академик алмашинув дастурлари кенгайтирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мамлакатимиз Бош консулхонаси ходимлари Гуанчжоу шаҳридаги Гонконг фан ва технологиялар университетининг (The Hong Kong University of Science and Technology, Guangzhou халқаро алоқалар департаменти раҳбари Жин Фу билан учрашдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Хитой олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, биргаликда илмий тадқиқот ишларини олиб бориш ва бошқалар муҳокама қилинди.
Хитой томони Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари билан таништирилди.
Жин Фу икки мамлакат ўртасида шериклик барча жабҳаларда барқарор ривожланиб бораётганини қайд этиш баробарида, илм-фан ва таълим соҳасида Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан академик алоқаларни ўрнатишга тайёрлигини билдирди.
Томонлар жорий йил сентябрь ойида мазкур университет президенти Лио Ни бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга сафарини амалга оширишга келишиб олдилар.