Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Ўзбекистон 20/05/2023 Ўзбекистон ва Хитой етакчилари ҳар томонлама стратегик шерикликни кенгайтиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар
Ўзбекистон ва Хитой етакчилари ҳар томонлама стратегик шерикликни кенгайтиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар

Ўзбекистон ва Хитой етакчилари ҳар томонлама стратегик шерикликни кенгайтиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи 18 май куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан икки томонлама музокаралардан бошланди.

Учрашув икки мамлакат делегациялари иштирокида Сиань шаҳридаги “Шэньси” қароргоҳида ўтди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин дастлаб давлатимиз раҳбарини самимий қутлаб, мамлакатимизда Конституцияни янгилаш бўйича умумхалқ референдуми муваффақиятли ўтказилгани билан дилдан табриклади ва Ўзбекистонда бўлажак Президент сайловида катта муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Хитойга давлат ташрифи билан келиш таклифи ва кўрсатилаётган илиқ меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Хитой раҳбарини муҳим сиёсий тадбирлар муваффақиятли ўтказилгани ҳамда олий давлат лавозимларига қайта сайлангани билан самимий табриклади.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларининг янги даврида долзарб бўлган масалалар батафсил муҳокама қилинди.

Эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани, барча даражалардаги ўзаро алоқалар жадал тус олгани, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб бораётгани ва муҳим масалаларда томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Камбағалликни қисқартириш, шу жумладан қишлоқ хўжалиги, ердан фойдаланиш, кичик ва ўрта бизнес, инфратузилмани модернизация қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва профессионал таълим соҳаларида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда самарали тажриба алмашиш ва амалий чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодий соҳада ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари батафсил кўриб чиқилди. Бу, энг аввало, замонавий саноат қувватларини барпо этиш, инвестициявий ва юқори технологик корхонааларни ташкил этиш борасидаги қўшма лойиҳаларни назарда тутади.

Куни кеча ўтказилган бизнес-форум якунида умумий қиймати 25 миллиард долларлик истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди ва келишувларга эришилди.

Муқобил энергетикани ривожлантириш бўйича қуёш, шамол ва сув электр станцияларини барпо этиш, қуёш панеллари, электр ускуналар, трансформаторлар, аккумуляторлар ишлаб чиқариш, бошқарув жараёнларини рақамлаштириш ва мутахассисларни тайёрлаш борасидаги лойиҳалардан иборат инвестициявий-технологик ҳамкорлик дастурини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Янги авлод автомобилларини ишлаб чиқариш соҳасидаги кооперацияни кенгайтириш – электр ва гибрид автотранспорт воситаларини йиғиш бўйича замонавий заводларни ишга тушириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Турдош тармоқлардаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди. Хусусан, мис, литий, нодир металларни чуқур қайта ишлаш асосида электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи юқори технологик кластерни барпо этиш шулар жумласидан.

Бундан ташқари, пластмассалар, кимёвий маҳсулотлар, металл буюмлар, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, биотехнологиялар кластерини ташкил этишда ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришдан мамлакатларимиз манфаатдор экани таъкидланди.

Хитойнинг етакчи банклари ва “Ипак йўли” фонди, шунингдек, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки банки билан самарали молиявий-техник ҳамкорликнинг бугунги даражаси юксак баҳоланди.

Икки мамлакат ҳудудларининг ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, шу жумладан Сирдарё вилоятини “Илғор технологиялар ҳудуди”га айлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Фаол мулоқотлар ва авиақатновлар қайта тикланишини ҳисобга олиб, жорий йилда Ўзбекистонда икки мамлакат шаҳар ва ҳудудларининг биринчи форумини ўтказиш масаласи ўрганилади.

Кейинги йилларда икки бараварга кўпайган ўзаро товар айирбошлашни ошириш учун мақсадли кўрсаткичлар ва товарлар таркиби белгилаб олинди.

“Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳимлиги қайд этилди.

Гуманитар соҳа муҳокама қилинар экан, таълим ва туризмда ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро маданият, санъат ва кино кунларини ўтказиш, анъанавий тиббиёт, кўз ва бошқа турдаги касалликларни даволаш, вакцина ва фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасидаги дастурларни амалга ошириш зарурлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.

Минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашув ҳар доимгидек ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди. Ўзбекистон етакчиси Хитой раҳбарини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди. Таклиф миннатдорлик билан қабул қилинди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг