Ўзбекистон ва Венгрия: стартап лойиҳалар, илмий ҳамкорлик, қўшма лабораториялар ҳамда тажриба алмашинуви янги босқичга кўтарилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 29 апрель куни Будапешт шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев ҳамда Венгрия Маданият ва инновациялар вазири Балаж Ханко ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Sh.Daliyev Ўзбекистон Венгрияни Европадаги етакчи инновация марказларидан бири сифатида эътироф этишини ва мазкур соҳадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга катта аҳамият қаратилишини таъкидлади.
Учрашув давомида ўтган йилларда амалга оширилган қўшма стартап танловлари самаралари таҳлил қилинди. Шунингдек, учрашувда икки томонлама илмий лойиҳалар танловини давом эттириш ва устувор йўналишлар доирасини кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Шоҳрух Далиев томонидан илмий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш учун ҳамкорликда молиялаштириш механизмларини жорий этиш ҳамда олимлар ва тадбиркорлар ўртасидаги илмий лойиҳалар сонини кўпайтириш таклифи билдирилди.
Учрашувда келгуси ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида инновациялар ва сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида қайд этилди. Томонлар ушбу соҳада қўшма тадқиқотлар, лабораториялар ва таълим дастурларини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олдилар.
Икки мамлакат мутахассислари ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, семинарлар, стажировкалар ва амалий ташрифлар ташкил этиш орқали инновацион инфратузилмани ривожлантириш борасида ҳам аниқ таклифлар билдирилди. Жумладан, технопарклар, стартап-инкубаторлар ва илмий ишланмаларни тижоратлаштириш механизмлари борасида ўзаро ҳамкорлик муҳим экани таъкидланди.
Ўз навбатида академик ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон-Венгрия Ректорлар форумини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича келишувга эришилди.