Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 03/11/2022 Ўзбекистон ва Туркия ўрмон хўжалиги соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Ўзбекистон ва Туркия ўрмон хўжалиги соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Ўзбекистон Республикасининг ўрмон фонди ерлари 12 млн гектардан зиёд майдонни эгаллайди, ўрмонларнинг кўп қисми баланд тоғлар ён бағирларида ва водий ҳудудларида жойлашган. Мамлакатда дарахтзорларнинг қарийб 70 тури, буталарнинг 320 тури ва ярим бутали ўсимликларнинг 130 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, 320 дан ортиқ ноёб ва йўқолиб бораётган ўсимлик турлари Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) мутахассисларининг фикрига кўра, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун самарали, хилма-хил ва соғлом ўрмонларни сақлаш жуда муҳимдир. Бунда ҳамкорликни ривожлантириш ва илғор хорижий тажрибани ўзлаштириш муҳим ўрин тутади.

Туркиянинг ўрмончилик соҳасидаги тажрибаси билан танишиш ва ўрмонларнинг биохилма-хиллигини сақлаш ҳамда уларни қайта тиклаш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида 2022 йил октябрь ойи охирида ФАО мутахассислари, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Туркияга сафар қилди. Ташриф Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Глобал Экологик Жамғармаси молиявий кўмагида амалга оширилаётган ФАОнинг Ўзбекистондаги иккита лойиҳаси – “Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш” миллий лойиҳаси ва “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси

кўмагида ташкил этилди. 

Анқарада делегация аъзолари ФАОнинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий координатори Виорел Гуцу билан учрашдилар. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Низомиддин Бакиров ФАО томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлигини юқори баҳолади ва ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклиф билан чиқди. Хусусан, томонлар ўрмон хўжалиги ва биохилма-хилликни сақлаш соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш, шунингдек, Глобал Экологик Жамғарма ресурсларини жалб қилган ҳолда Орол денгизи ландшафтларини тиклаш бўйича янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва кейинчалик амалга ошириш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар. Бундан ташқари, ФАОнинг Ўзбекистондаги янги ташаббуси - "Ўзбекистоннинг қурғоқчил экотизимларида ўрмонлар ва яйловларни барқарор бошқариш" лойиҳаси ер ва ўрмон ресурсларини барқарор бошқариш ва ерлар деградациясининг нейтрал мувозанатини сақлаш учун ландшафтлар тикланишига салмоқли ҳисса қўшишига умид билдирилди.

Сўнгра Ўзбекистон делегацияси III Ўзбекистон-Туркия ўрмон хўжалиги қўшма конференциясида иштирок этди. Туркия томонидан Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири ўринбосари Вейсал Тиряки бошчилигида тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари иштирок этди. Ўрмон ёнғинларига қарши курашиш, ёнғоқ плантацияларини яратиш, тоғ ўрмонларини барпо этиш, сув омборлари атрофида ўрмон плантацияларини яратиш, ўрмон биохилма-хиллигини сақлаш, шунингдек, ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича самарали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув якунлари бўйича юқоридаги йўналишларда умумий қиймати 2 миллион долларлик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги томонидан Ўзбекистоннинг деградация ва эрозияга учраган ўрмонларида тоғ террасаларини яратишни қўллаб-қувватлаш учун умумий қиймати 300 минг доллар бўлган 2 та мини-экскаватор берилди.

Ўзбекистон делегацияси Туркияга ташрифи давомида Элазиг ҳудудида сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш доирасида тоғ ўрмонларини яратишнинг ўзига хос жиҳатлари билан ҳам танишишди. Шу билан бирга, делегация аъзолари кўчатхоналарда кўчат етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини қўллаш, дарахтлар уруғларини етиштириш, қайта ишлаш ва сақлаш усулларига алоҳида эътибор қаратди. Бундан ташқари, делегация аъзолари Кастамону вилояти ўрмонларига ташриф буюриб, 60 метр баландликда 3 км узунликдаги экологик сўқмоқ жойлашган Ҳорма каньонида яратилган туристик инфратузилма имкониятларини баҳолади. Бетакрор табиат манзараси нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳларни ҳам ўзига тортади. 

Ўрганилган тажриба ва янги технология ҳамда кўникмаларни кейинчалик қўллаш Ўзбекистон ҳудудларида ўрмонларни қайта тиклаш, ўрмонзорларни кўпайтириш, туризмни ривожлантиришда катта аҳамиятга эга бўлади.

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг