Жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг биринчи саммити ўтказилади.
Ўзбекистон — бошқа кўп томонлама форматлар қатори ТДТ доирасида ҳам оддий кузатувчи эмас, балки ўз қарашларини таклиф этувчи фаол иштирокчи бўлиб, бу билан ТДТ кун тартибини бугунги кун воқелигига мос равишда бойитишга ҳисса қўшмоқда.
Умуман олганда, 2019 (Боку), 2020 (ВКС), 2021 (онлайн, Истанбулда) Ўзбекистон Президенти ТДТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 35 дан ортиқ аниқ ташаббусларни илгари сурди. Бугунги кунга қадар 20 дан ортиқ ташаббуслар рўёбга чиқарилди, хусусан:
– 2021 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда Ёш тадбиркорлар форуми ташкил этилди ва унинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди;
– транспорт ва божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш бўйича лойиҳалар амалга оширилди: Ўзбекистон ва Туркия ўртасида «еPermit» пилот лойиҳаси синовдан ўтказилди, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида «рақамли TIR» ва «яшил йўлак» пилот лойиҳалари ишга туширилди;
– Ўзбекистоннинг « Universal Logistics Service» (Тошкент), «Akhtachi» (Андижон) ва «Termez Cargo Centre» (Сурхондарё) логистика марказлари ТДТнинг «Биродар портлар» жараёнига қўшилди;
– COVID-19 пандемиясига қарши курашиш йўлида ҳамкорлик бўйича таклифлар амалга оширилди, пандемияга қарши курашиш бўйича махсус мувофиқлаштирувчи гуруҳ ҳамда ТДТ доирасида эпидемиологик вазиятни биргаликда мониторинг, таҳлил қилиш ва прогнозлаш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи тизими шакллантирилди;
– 2021 йил июнь ойида ТДТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг 6-йиғилиши бўлиб ўтди. Қўқон 2022 йилда «Турк дунёсининг туристик пойтахти» деб эълон қилинди;
– «Табаррук зиёрат» лойиҳаси ишга туширилиб, Туризм бўйича «йўл харитаси» қабул қилинди;
Қўқон шаҳрини «Турк дунёсининг туристик пойтахти» мақомига илгари суриш доирасида ушбу шаҳарда 2022 йил 8-10 июнь кунлари «Қўқон хонлигининг туркий халқлар давлатчилиги ва маданий меросини ривожлантиришдаги ўрни» мавзусида халқаро конференция ташкил этилди;
– 2022 йил июль ойида Тошкент шаҳрида ТДТга аъзо давлатлар қишлоқ хўжалиги вазирларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди ва аъзо давлатларнинг соҳага доир вазирликлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда аъзо давлатлар ва кузатувчилар ишбилармон доираларнинг 300 дан ортиқ вакиллари иштирокида Биринчи Туркий Агрофорум ташкил этилди;
– «Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили» доирасида 2022 йил июнь ойида Бухоро шаҳрида Ёш лидерларнинг IV форуми ташкил этилди. Форум давомида Бухоро «Турк дунёсининг биринчи ёшлар пойтахти» деб эълон қилинди;
– Алишер Навоий номидаги «Турк дунёси бирлигини таъминлашга қўшган ҳиссаси учун» халқаро мукофоти таъсис этилди;
– Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Хожиб, Алишер Навоий, Мусо Ал-Хоразмий каби алломаларнинг маданий меросига бағишланган халқаро илмий анжуманлар ўтказди;
– Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўйича ТДТ тузилмаси, Туркий халқлар меросини ўрганиш халқаро маркази, IТ-мутахассислар платформаси, Инжиниринг-технология маркази ва Туркий давлатларнинг савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқот маркази ва бошқаларни яратишга доир концепциялар ишлаб чиқилмоқда.
Бу ва бошқа ташаббуслар ТДТ доирасида кўп қиррали ҳамкорликнинг янги форматларини йўлга қўйиш, унинг институционал ва амалий салоҳиятини мустаҳкамлаш имконини беради.