Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан учрашувда ўзбек ва тожик халқларини азалий дўстлик ва қўшничилик ришталари, маданият ва анъаналар уйғунлиги боғлаб туриши таъкидланди.
Бугунги кунда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб, ўзаро савдо айланмаси муттасил ўсиб бормоқда. 2016-йилнинг дастлабки тўрт ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 17,6 фоиз ошди.
Учрашувда мамлакатларимизда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиш икки томон учун ҳам манфаатли экани таъкидланди. Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Имомали Раҳмон Тожикистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни юксак қадрлашини, ушбу учрашув ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш учун яхши имконият бўлганини таъкидлади. Мазмунли учрашув учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди.