Валюта курслари 21/02/2025
$1 – 12929.92
UZS – -0.16%
€1 – 13496.25
UZS – -0.07%
₽1 – 146.25
UZS – 2.61%
Қидириш
Иқтисод 21/02/2025 Ўзбекистон ва Сербия миграция соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилмоқда

Ўзбекистон ва Сербия миграция соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Олимжон Абдуллаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Сербияга ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Делегация таркибидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миграция агентлиги вакиллари ўрин олди.

Ташриф доирасида Сербия меҳнат, бандлик, фахрийлар ва ижтимоий масалалар вазири Неманья Старович, Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Никола Стоянович ва Сербия Ички ишлар вазирлиги давлат котиби Владан Загражанин билан музокаралар ўтказилди.

Учрашувлар чоғида ташқи меҳнат миграцияси, виза тартибини соддалаштириш, шунингдек, Сербияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Миграция ва мобиллик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни ишлаб чиқиш ҳамда имзолаш тўғрисида келишувга эришилди.

Бундан ташқари, ҳар икки томон учун қулай вақтда икки давлат консуллик-ҳуқуқий департаментлари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.

Томонлар иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хусусан, икки давлат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш учун шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтиришга келишиб олдилар.

Ташриф натижалари Ўзбекистоннинг Сербия билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва томонларни қизиқтирган турли соҳаларда манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истагини тасдиқлайди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг