Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ипак йўлида туризм” 29-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев Россия Федерациясининг Приморск ўлкаси губернатори, РФ президенти ҳузуридаги Туризм кенгаши раиси Олег Кожемяко билан учрашди.
Учрашувда томонлар туризм соҳасида олиб борилаётган ҳамкорлик истиқболлари ва режалаштирилган ишларни атрофлича муҳокама қилдилар.
О.Кожемяко охирги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасида кузатилаётган улкан тизимли ўзгаришларни юқори баҳолаб, Россия, жумладан, Приморск ўлкасида, бу йўналишда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга иштиёқ ва қизиқиш юқорилигини қайд этди.
Шунингдек, Приморск ўлкаси ва Ўзбекистон ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва туристлар оқимини кўпайтиришга кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидлаб ўтилди.