Валюта курслари 02/06/2025
$1 – 12790.43
UZS – 0.17%
€1 – 14486.44
UZS – 0.6%
₽1 – 162.60
UZS – -0.02%
Қидириш
Технологиялар 23/05/2025 Ўзбекистон ва Қозоғистон рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Қозоғистон рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикасининг Рақамли технологиялар вазирлиги ва IT Park Uzbekistanъга ташриф билан келди.

Ташриф доирасида меҳмонларга 22 май куни Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари учун Алоқа соҳасидаги ҳудудий ҳамдўстлик Ижроия қўмитасининг очилган бўлими билан таништирилди. Шундан сўнг, Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, асосий фаолият йўналишлари ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида батафсил тақдимотлар намойиш этилди.

Делегация, шунингдек, IТ соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган Устудй IТ академияси, муҳим инфратузилмалар киберхавфсизлигини таъминлашга қаратилган инновацион лойиҳалар маркази — UZSOC ва рақамли ечимлар интеграцияси бўйича фаолият юритаётган Ягона интегратор UZINFOCOM иш фаолияти билан яқиндан танишди. Айниқса, сунъий интеллект ва илғор рақамли ечимлар йўналишидаги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ташрифнинг асосий қисмида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда Қозоғистон делегацияси ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда янги ташаббусларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда, хусусан, трансчегаравий телекоммуникация хизматларини янада такомиллаштириш, Ўзбекистон ва Қозоғистон IТ-компаниялари хизматларини биргаликда жаҳон бозорига кенг миқёсда олиб чиқиш, хизматлар экспортини ошириш ва икки мамлакат технопарклари ўртасида самарали ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, икки давлат ҳамкорликда, инкубация ва акселерация дастурларига қўшма лойиҳаларни киритиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Қозоғистонлик стартаплар учун янги имкониятлар яратиш, инвестицияларни жалб этиш ва уларни халқаро платформаларга олиб чиқиш борасида ҳам ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

Учрашув якунида томонлар 2025 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТ Давлат хизмати форуми ҳамда 2025 йил 23–25 сентябрь кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган “ICT Week Uzbekistan” халқаро тадбирларида Қозоғистон делегациясининг фаол иштирокини таъминлашга келишиб олдилар.

Томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида рақамли технологиялар, инновациялар ва телекоммуникация соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдириб, бу йўналишда изчил ишлар давом эттирилишини таъкидладилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг