Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Қозоғистон раҳбари ва халқига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда бу кун Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлиги тарихида алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
- Бугун биз Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказмоқдамиз. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожида тарихий воқеа ҳисобланади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатлари юқори суръатда ривожлангани алоҳида қайд этилди.
Ташриф доирасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, бизнес форуми, сиёсий маслаҳатлашувлар, таҳлилий марказлар форуми, интеллектуал ўйинлар муваффақиятли ўтказилди. Кино кунлари, кўргазмалар, концертлар ва бошқа кўплаб тадбирлар давом этмоқда.
Икки мамлакат раҳбарлари 2024-2034 йилларга мўлжалланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастури қабул қилинганини мамнуният билан қайд этдилар. Бу дастур Ўзбекистон-Қозоғистон дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларида янги сифат босқичи бошланганини англатади.
Мажлис давомида давлатимиз раҳбари бир қатор устувор вазифаларни кўрсатиб ўтди.
Аввало, халқаро тузилмалар доирасида позицияларни мувофиқлаштириш ва умумий манфаатларни самарали илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Мулоқотлар натижадорлигини ошириш, Парламентлараро форумни таъсис этиш, Экспертлар кенгашининг қизғин ишини давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 10 миллиард долларга етказиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Шу мақсадда ой охиригача алоҳида дастур қабул қилинади. Бунда бозорларни ўзаро шакллантириш, мавжуд чекловларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Мамлакатимиз етакчиси саноат кооперациясининг янги стратегиясини қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.
Томонлар кеча бўлиб ўтган бизнес форуми ва ишбилармонлик учрашувлари якунлари бўйича 7 миллиард долларлик салмоқли келишувлар имзоланганини ижобий баҳоладилар.
Гап энергетика, логистика, қурилиш, кимё, электротехника, тўқимачилик, агросаноат ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ҳақида бормоқда.
Халқаро саноат кооперацияси марказини ишга туширишни жадаллаштириш ва истиқболли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун қўшма жамғарма ташкил этиш масаласини ўрганишга келишиб олинди.
Иқтисодий ҳамкорликнинг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган ҳудудлар ўртасидаги алоқалар стратегик шерикликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Форумни барча вилоятлар ва марказий шаҳарларни қамраб олган ҳолда Ҳудудлар кенгашига айлантириш ва унинг биринчи йиғилишини кузда Самарқандда ўтказишга қарор қилинди. Ҳукуматларга аниқ келишувларга эришиш учун ҳудудларга ўзаро ташрифлар жадвалини тасдиқлаш топширилди.
Энергетика қувватлари ва инфратузилмасини қуриш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлик билдирилди. Йирик минтақавий лойиҳаларни, энг аввало, Қамбарота ГЭС қурилишини тайёрлаш ишлари жадаллаштирилади.
Транспорт ва транзит соҳасида ишбилармон доираларни жалб этган ҳолда икки мамлакат ўртасида янги транспорт йўлакларини қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишиб олинди. Бундан ташқари, замонавий логистика инфратузилмасини яратиш ишларини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақада сувдан фойдаланиш масалаларига ягона ёндашув мавжудлиги қайд этилди. Ишончли ҳуқуқий базани шакллантириш, сув хўжалиги объектларини автоматлаштириш ва рақамлаштириш ишлари давом эттирилади.
Маданият, таълим, ёшлар ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
- Шу кунларда Остонада Ўзбек киноси кунлари, кўргазмалар, фестиваллар, концертлар ўтказилмоқда. "Заковат" интеллектуал ўйини муваффақиятли ўтди. Бундай тадбирлар ёшларимизни янада яқинлаштиради, уларни умумий тарихимиз ва қадриятларимиз билан яқиндан таништиради, - деди давлатимиз раҳбари.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича 2024-2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ҳам бунга хизмат қилади.
Таълим соҳасида бугун икки мамлакатдаги етакчи олий таълим муассасалари - Олмаотада Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Чирчиқда Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети филиаллари фаолияти йўлга қўйилади.
Мамлакатимиз раҳбари Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга Остона шаҳрида ўзбек халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш ташаббуси учун миннатдорлик билдирди.
Томонлар Марказий Осиёда интеграция ва ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эканликларини тасдиқлади. Таъкидланганидек, Маслаҳат учрашуви минтақа олдида турган вазифаларни биргаликда ҳал этиш ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган минтақавий кун тартибини ишлаб чиқишнинг самарали механизмига айланди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа тузилмалар доирасида яқин ва очиқ мулоқотни давом эттиришга тайёрлик билдирилди.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Қасим-Жомарт Тоқаевни Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи мажлисини ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.