Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон-Қозоғистон Қуролли Кучлари бўлинмалари ҳамкорлигида ташкил этилган навбатдаги “Hanjar-2024” махсус-тактик ўқув машғулотлари якунланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўн кунлик машғулотлар дастури асосида турли жанговар қуроллардан отиш машқлари, шартли аҳоли яшаш ҳудудида жанг олиб бориш ва ҳаракатларни таҳлил қилиш, руҳий зўриқишларни енгиб ўтиш жараёнлари амалга оширилди.
Дастлаб шартли душман жойлашган биноларга миномётчилар, мерганлар, пулемётчилар гуруҳлари ва дронларнинг ҳужуми ташкиллаштирилган бўлса, унинг ортидан ишга тушган ишғол гуруҳи учта бинода тозалаш жараёнини шиддат билан амалга оширди. Ҳаракатлар жанговар зирҳли техникалар ва хизмат итлари кўмагида амалга оширилиб, саноқли дақиқалар ичида кўзланган мақсадга эришилди.
Мудофаа вазирлигининг масъул офитсерлари, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, Қозоғистон ҳарбий делегатсияси раҳбарияти кузатуви остида ўтган якуний босқич машғулот қатнашчилари олдидаги масъулиятни янада оширди.
Ҳамкорликдаги мазкур тактик ўқув машғулотининг тантанали ёпилиш маросимида қардош давлатларнинг дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлаши борасидаги жиҳатларга алоҳида тўхталиб, “Hanjar-2024” махсус-тактик ўқув машғулотларида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа вазирликларининг махсус кўкрак нишонлари топширилди.