Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Карачида Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев TCS компанияси раҳбари Халид Аван билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо муносабатларини ривожлантириш, логистика тизимини яхшилаш ҳамда икки давлатнинг транспорт-транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
TCS раҳбари Ўзбекистон Президентининг минтақалараро ҳамкорлик ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдириб, унинг транзит-транспорт йўлаклари ва товар айланмасини оширишдаги аҳамиятини таъкидлади.
Компания Ўзбекистон ва Покистон ўртасида юк ҳаво қатновларини йўлга қўйишга тайёр эканлигини маълум қилди. Бу транспорт йўналиши тез бузиладиган маҳсулотларни етказиб бериш учун қулайлик яратади. Шунингдек, компания Европа ва Америка давлатлари билан ҳамкорлик тажрибасини ишга солган ҳолда, икки давлат ўртасидаги туризм оқимларини ривожлантиришга ҳам кўмаклашиш ниятида эканлигини билдирди.