Ўзбекистон ва Покистон қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича Ҳаракатлар режасини имзоладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Ислом Республикаси Покистон Бош вазирининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири ва сенатор Муҳаммад Исҳоқ Дар билан музокаралар ўтказди.
Учрашув чоғида томонлар жадал ривожланаётган Ўзбекистон–Покистон ҳамкорлигини муҳокама қилдилар ҳамда уни янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишларини белгиладилар. Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестиция ҳажмини ошириш, транспорт, логистика, таълим ва маданият соҳаларида шерикликни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Вазирлар юқори даражадаги музокаралар давомида эришилган барча келишувларни самарали амалга оширишга қатъий содиқликларини яна бир бор тасдиқладилар. Шу билан бирга, бу келишувларни ҳаётга татбиқ этишда изчил ва мувофиқлаштирилган ишларнинг муҳимлиги таъкидланди.
Учрашувнинг асосий натижаси Ўзбекистон ва Покистон ҳукуматлари ўртасида Ҳаракатлар режаси имзолангани бўлди. Ҳужжат стратегик аҳамиятга эга лойиҳалар ва ташаббусларни тезкор амалга ошириш бўйича аниқ қадамларни назарда тутади ва сиёсий келишувларни амалий ҳамда ўлчовли натижаларга айлантиришга қаратилган.