Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 декабрь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевни таваллуд куни билан самимий муборакбод этди.
Давлатимиз раҳбари Озарбайжон етакчисининг мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, ҳудудий яхлитлигини тиклаш, барқарор тараққиётини таъминлаш ва халқаро нуфузини юксалтиришдаги тарихий ролини алоҳида таъкидлади.
Президентлар олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар.
Жорий Икки томонлама ҳамкорликни жадал ривожлантириш йилида биргаликда қилинган ишлар самарали бўлгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми юқори суръатда ўсиб бормоқда, автомобилсозлик, тўқимачилик, электротехника, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари фаол босқичда. Маданий-гуманитар алмашинувнинг тадбирларга бой дастури амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарлари халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.