Ўзбекистон ва Италия Президентлари мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ривожланаётганини олқишладилар
Рим шаҳридаги Квиринал саройида 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелланинг музокаралари бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари ташриф билан келиш таклифи ва самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Президент Сержо Маттарелла ва Италия халқини куни кеча ўтган миллий байрам – Республика эълон қилинган кун билан қутлади.
Италия Президенти Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди ҳамда мамлакатимизнинг Марказий Осиёда барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Давлат раҳбарлари иқтисодий ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқдилар.
Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони икки баробар кўпайди. Юртимизда Италиянинг Pietro Fiorentini, Terra-nova, Danieli, Imagro, Ansaldo, Saipem каби етакчи компаниялари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Президентлар куни кеча ўтган бизнес-форум натижаларини мамнуният билан қайд этдилар. Унинг якунида умумий қиймати 9 миллиард евродан зиёд бўлган келишув ва шартномаларнинг салмоқли тўплами имзоланди.
Гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Италиянинг маданий-тарихий меросига бағишланган кўргазма ташкил этишга келишиб олинди.
Бундан ташқари, таълим, археология, экологик хатарларга қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Тошкентда Турин ва Пиза университетларининг филиаллари муваффақиятли ишламоқда. Кетма-кет уч йил Ўзбекистон Венециядаги Халқаро биенналеда иштирок этиб келмоқда.
Йил бошидан мамлакатимизга келаётган италиялик сайёҳлар сони 5 карра кўпайди. Жорий йил апрель ойидан бошлаб Тошкент ва Милан ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани туристлар оқимининг ошишига хизмат қилади.
Етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, энг аввало, Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Афғон халқига манзилли гуманитар ёрдамни давом эттириш ҳамда махсус вакилларнинг маслаҳатлашувларини мунтазам ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Сержо Маттареллани мамлакатимизга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.