Валюта курслари 26/06/2025
$1 – 12531.78
UZS – 0.61%
€1 – 14538.12
UZS – 0.53%
₽1 – 159.82
UZS – 0.92%
Қидириш
Иқтисод 27/05/2025 Ўзбекистон ва Италия автомобилсозлик ва барқарор технологиялар соҳасида янги қўшма лойиҳаларни ишга туширмоқда

Ўзбекистон ва Италия автомобилсозлик ва барқарор технологиялар соҳасида янги қўшма лойиҳаларни ишга туширмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 21–23 май кунлари «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти делегацияси Италия Республикасига хизмат сафарини амалга оширди. Сафар доирасида автомобилсозлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган муҳим учрашувлар, музокаралар ва ишбилармонлик тадбирлари ўтказилди.

Сафарнинг асосий воқеаларидан бири Турин шаҳар мери Стефано Ло Руссо билан учрашув бўлди. Учрашувда томонлар машинасозлик соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Ҳар йили анъанавий тарзда қўшма форумлар ўтказиш ташаббуси илгари сурилди, навбатдаги форумни Тошкент шаҳрида ўтказиш таклифи билдирилди. Шунингдек, 2026 йилда Турин саноат компаниялари иштирокидаги ишбилармонлик форумини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.

23 май куни Турин шаҳрида Турин саноат корхоналари иттифоқи ҳамкорлигида “Италия ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида автомобилсозлик соҳасидаги янги ҳамкорлик имкониятлари” мавзусида бизнес-форум бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда 120 дан зиёд италиялик компаниялар вакиллари иштирок этди. Ўзавтосаноат делегацияси форумда тақдимотлар ўтказди ва Вебасто, Магна, Марелли, Согефи, Пининфарина ва бошқа етакчи компаниялар билан Б2Б форматда учрашувлар ташкил этди. Учрашувларда автокомпонентларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Италиялик ҳамкорлар билан ташаббусларни илгари суриш мақсадида ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Яқин вақт ичида италиялик компаниялар вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилдафар доирасида таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўзавтосаноат делегацияси Италиядаги Турин Политекника Университети (POLITO) ректори Стефано Паоло Сониати билан музокаралар ўтказди. Учрашув якунида 2025/2026 ўқув йили учун ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Ушбу шартнома қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, италиялик ўқитувчилар иштирокини таъминлаш, академик қўллаб-қувватлаш ва халқаро стандартдаги дипломларни беришни назарда тутади.

Шунингдек, водород ёқилғисида ҳаракатланувчи жамоат транспортини жорий этиш ва инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган инновацион лойиҳани амалга ошириш учун Италия “Яшил Фони” орқали грант маблағлари ажратилиши бўйича келишувга эришилди.

 Ушбу хизмат сафари Ўзбекистон ва Италия ўртасида саноат, таълим ва барқарор технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга икки томонлама катта қизиқиш мавжудлигини яна бир бор тасдиқлади ҳамда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг