Ўзбекистон ва ILF Consulting Engineers яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва энергия самарадорлигини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 21 февраль куни Европанинг “ILF Consulting Engineers” компаниясининг ижрочи вице-президенти ва бизнес гуруҳи директори Жанмария Ла Порта ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда “ILF Consulting Engineers” компаниясининг бошқарув консалтинги бўйича директори Оскар Грубер, компаниянинг катта менежери Филип Флох ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, вазир ўринбосарлари Хуршед Мустафаев, Илҳомжон Умрзаков, Самандар Садуллаев ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
ILF Consulting Engineers — халқаро муҳандислик ва консалтинг компанияси бўлиб, инфратузилма, энергетика, атроф-муҳит муҳофазаси ва саноат лойиҳаларини ишлаб чиқиш, режалаштириш ва амалга ошириш бўйича етакчи ташкилотлардан бири ҳисобланади.
Учрашув давомида томонлар яшил иқтисодиётни ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш ва замонавий, инновацион яшил технологиялардан кенг фойдаланиш масалалари юзасидан муҳокамалар олиб борди. Хусусан:
Яшил иқтисодиётни ривожлантириш: мамлакатимизда яшил ўсишни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, яшил энергия ечимларини кенгайтириш ҳамда илғор ва муваффақиятли халқаро тажрибалар самарали фойдаланиш;
Барқарор иссиқлик тизимини шакллантириш: иссиқлик инфратузилмасини модернизация қилиш, замонавий ва инновацион яшил технологияларга асосланган иситиш тизимини яратиш, иситиш насосларидан фойдаланиш ҳамда амалга оширилган лойиҳалар;
Энергия самарадорликни янада ошириш: қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергияни тежовчи технологиялардан кенг фойдаланишга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда белгиланган мақсадларга эришишда тизимли ва самарали фаолият олиб боришга келишиб олди.