Ўзбекистон ва Франция таълим соҳасида янги ҳамкорликни бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Франция ўртасида таълим соҳасидаги стратегик ҳамкорлик доирасида Ўзбек-Француз университетини ташкил этиш бўйича муҳим битим имзоланди. Ҳужжатга Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ва Франция Республикаси Олий таълим ва тадқиқотлар вазири Филип Батист имзо чекди.
Расмий имзолаш маросимида Франциянинг нуфузли олийгоҳлари – Пуате, Гавр-Нормандия, Лион 2 ва Ренн университетлари президентлари ҳам иштирок этиб, ушбу ҳамкорликнинг истиқболлари ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.
Қайд этилганидек, ушбу университетнинг ташкил этилиши икки давлат ўртасидаги таълим соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, Ўзбекистонда халқаро стандартларга мос билим ва инновация марказини яратишга хизмат қилади.
Франциянинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув дастурлари талабаларга замонавий билим олиш, халқаро тажриба орттириш ва Европа дипломига эга бўлиш имкониятини тақдим этади.
Шунингдек, университет илмий тадқиқотлар, стартаплар ва технологик ривожланишга кўмаклашувчи лойиҳалар учун муҳим платформага айланади. Француз таълим модели Ўзбекистондаги олий таълим тизимига инновацион ёндашувларни жорий этишга ёрдам беради.
Янги университетнинг очилиши талабалар ва ўқитувчилар учун катта имкониятлар яратиш билан бир қаторда, мамлакатимизнинг стратегик тармоқларига малакали мутахассислар тайёрлашга, илм-фан ва технология тараққиётига улкан ҳисса қўшади. Бу таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг янада ривожланиши ва янги марраларга эришишида муҳим қадам бўлади.