Ўзбекистон ва Эстония савдо ва инвестиция соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Эстониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Яап Ора билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Конструктив мулоқот натижасида ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва маҳсулот турларини кенгайтириш бўйича янги имкониятлар аниқланди. 2024 йилда Ўзбекистон ва Эстония ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 150 миллион АҚШ долларига етди ва 20% ўсиш қайд этилди. Бу асосан хизматлар, оғир машинасозлик маҳсулотлари ва тиббий жиҳозлар ҳисобига амалга оширилди.
Томонлар савдо айланмасини янада ошириш учун қўшимча чоралар кўриш зарурлиги борасида якдил фикрга келдилар. Хусусан, Таллинн, Муўга, Пярну ва Силламяэ портларидан фойдаланиш орқали ўзбек маҳсулотларини Шимолий ва Ғарбий Европа бозорларига экспорт қилиш йўлларини диверсификация қилиш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашувда инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини мустаҳкамлаш чоралари ҳам кўриб чиқилди. Ҳозирда Ўзбекистонда эстон капитали иштирокида 31 та корхона фаолият юритмоқда.
Шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доираларини яшил энергетика, IT-технологиялар, сув хўжалиги, фармацевтика, транспорт ва логистика соҳаларидаги янги лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш режалари келишиб олинди.
Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган барча йўналишлар бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар ҳамда 2025 йил учун қўшма тадбирлар тақвимини келишиб олдилар.