Ўзбекистон ва Буюк Британия таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Лондонда бўлиб ўтган Жаҳон таълим форуми доирасида Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазири Хилола Умарова раҳбарлигида делегацияси, мамлакатда умумий таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган бир қатор муҳим келишувларни имзолади.
Volunteers Services Overseas (VSO) ташкилоти билан тузилган келишувга кўра, 500 нафардан ортиқ британлик ўқитувчи Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида дарс бериш учун жалб этилади. Бу ташаббус инглиз тилини ўқитиш сифатини ошириш ва илғор педагогик амалиётларни жорий этишга қаратилган.
Ташриф доирасида вазир Исламий таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори Салим ал-Малик билан учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари ва қўшма таълим масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Cambridge University Press & Assessment билан Ўзбекистон Миллий педагогика университети (Низомий номидаги)ни трансформация қилиш бўйича стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Ушбу ташаббус ўқитувчиларни тайёрлаш дастурларини модернизация қилиш ва халқаро таълим стандартларини жорий этишга қаратилган.
Форум доирасидаги муҳим воқеалардан бири — вазир Хилола Умарованинг Буюк Британиядаги етакчи олий ўқув юртларида таҳсил олаётган "Эл-юрт умиди" жамғармаси стипендиатлари билан учрашуви бўлди. Учрашув Ўзбекистоннинг Лондондги элчихонасида ўтказилди ва у ёш мутахассисларнинг Ватанга қайтиши ва мамлакат таълим тизимини ривожлантиришдаги келажакдаги ҳиссасига бағишланди.