Валюта курслари 30/05/2025
$1 – 12768.26
UZS – -0.49%
€1 – 14400.04
UZS – -0.98%
₽1 – 162.63
UZS – 0.97%
Қидириш
Технологиялар 18/05/2025 Ўзбекистон ва БМТ ёшлар учун рақамли имкониятларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва БМТ ёшлар учун рақамли имкониятларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 16 май куни Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Жамол Махсудов БМТ Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, БМТ Ёшлар офиси раҳбари доктор Фелипе Пауллиер ҳамда БМТ Бош қароргоҳи Ёшлар офиси вакили Бианка Лиу Гертсог иштирокида БМТ вакиллари билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида ёшларни рақамли технологиялар ривожида фаол иштирок этишга жалб этиш, рақамли таълим имкониятларини кенгайтириш, ИТ ва рақамли секторда бандликни ошириш, ёшлар учун замонавий платформалар ва хизматлар яратиш ҳамда уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Доктор Фелипе Пауллиер БМТ Ёшлар стратегияси – 2030 доирасида бутун дунё ёшларини глобал жараёнларга жалб этиш, уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, у Ўзбекистонда ёшлар билан ишлашда рақамли технологиялар асосий воситалардан бири бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

Бианка Лиу Гертсог эса БМТ тизимида ёшлар сиёсатини мувофиқлаштириш, уларни барқарор ривожланиш мақсадларига жалб этиш йўналишида амалга оширилаётган ташаббуслар билан бўлишди ҳамда БМТ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини алоҳида қайд этди.

Ўз навбатида, Рақамли технологиялар вазирлиги вакиллари ёшларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантириш, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва давлат бошқарувида уларнинг иштирокини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди ва бу йўналишда халқаро шерикликни янада кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунида томонлар ёшлар учун рақамли ечимлар ва хизматларни ривожлантириш, уларнинг давлат бошқарувида иштирокини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг