Валюта курслари 14/07/2025
$1 – 12615.07
UZS – -0.15%
€1 – 14754.59
UZS – -0.45%
₽1 – 162.02
UZS – -0.22%
Қидириш
Ўзбекистон 14/07/2025 Ўзбекистон ва Баҳрайн одам савдосини олдини олиш ва жамоат тартибини сақлаш йўналишларида ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон ва Баҳрайн одам савдосини олдини олиш ва жамоат тартибини сақлаш йўналишларида ҳамкорлик қилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов (қароргоҳи Ар-Риёз шаҳрида жойлашган) Баҳрайн ички ишлар вазири Шайх Рошид бин Абдуллоҳ Ол Халифа билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасида хавфсизлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Баҳрайн ички ишлар вазири икки мамлакат ўртасидаги алоқалар қадим тарихга эга эканини, уларни яқин маданият, урф-одат ва ўхшаш анъаналар боғлаб туришини билдирди.

"Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижасини эътироф этиш керак. Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар республиканинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаяпти. Баҳрайн ҳам Ўзбекистон билан муносабатларини ривожлантиришдан, хусусан хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни янада жадаллаштиришдан манфаатдор", – деди Баҳрайн ИИВ раҳбари.

Суҳбат чоғида икки давлат ички ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама сифат ва мазмун жиҳатидан бойитиш муҳимлигини таъкиланди.

Шунингдек, томонлар Баҳрайн ички ишлар вазири бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, икки давлат ички ишлар вазирликлари ўртасида маслаҳатлашув кенгашини тузиш, терроризм ва экстремизмга қарши кураш, наркотик моддаларни ноқонуний савдосини олдини олиш ва жамоат тартибини сақлаш йўналишларида тажриба алмашиш, ходимлар учун қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш ва бошқалар хусусида фикр алмашдилар.

Бўлиб ўтган учрашув якунида Ўзбекистон элчихонаси ва Баҳрайн ички ишлар вазирлиги ўртасидаги мулоқотни давом эттириш тўғрисида келишиб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг