Президентимиз Ислом Каримов учрашувда Ашраф Ғанининг юртимизга илк ташрифи мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги босқичга кўтаришга хизмат қилишини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Афғонистон халқларининг тарихи муштарак, урф-одат ва анъаналари ўхшаш.
Ўзбекистон ҳамиша “Қўшнинг тинч – сен тинч”, деган ҳикматга амал қилиб, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, унинг иқтисодиётини тиклаш тарафдори бўлиб келмоқда. Мамлакатимиз Афғонистонга электр энергияси, мева-сабзавотлар, нефт маҳсулотлари, минерал ўғитлар экспорт қилмоқда. 2016-йилнинг дастлабки тўрт ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 14 фоиз ошди.
Учрашувда ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Афғонистон Ислом Республикаси Президенти самимий учрашув учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдириб, Афғонистон мамлакатимиз билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.