Ўзбекистон-Уммон сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 5 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон Султонлиги ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди ўтказилди.
Делегацияларга Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бахромжон Аълоев ҳамда Ўмон Султонлиги ташқи ишлар вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Шайх Халифа бин Али ал-Харисий раҳбарлик қилди.
Музокараларда Ўзбекистон–Ўмон муносабатларининг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг шартнома-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Асосий эътибор иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш масалаларига қаратилди. Икки томон ташқи савдо ҳажмини ошириш ва уни диверсификация қилиш, шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан чоралар ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, таълим, илмий-тадқиқот ва туризм соҳаларида шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар халқаро ва минтақавий кун тартибининг айрим масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Маслаҳатлашувлар якунида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўмон Султонлиги Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Қўшма Ҳаракатлар Режаси имзоланди.