Ўзбекистон туризмини 2040 йилгача ривожлантириш стратегияси йўналишлари шакллантирилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туризм қўмитаси ва Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан «Reformatics» халқаро консалтинг компанияси иштирокида Ўзбекистон туризмини 2040 йилгача ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда.
Ўтган давр мобайнида компания томонидан экспертлик ёрдамини кўрсатиш доирасида жойлардаги туристик инфратузилманинг таҳлили, маълумотлар тўплаш, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик ишлари амалга оширилиб, ўқув тадбирлари ташкил этилди.
Дастлабки босқичда “Reformatics” вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари, шунингдек, Айдар-Арнасой кўллар тизими каби муҳим ҳудудларда бўлишди.
Жойларда табиий ва маданий объектлар, шунингдек, янги йўналишлар яратиш имкониятлари ўрганилди. Шу билан бирга, компания томонидан давлат органлари билан бир қатор учрашувлар ўтказиб, виза тартиби, брендинг ва туризм соҳасидаги институционал ривожланиш масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, туризм соҳаси ходимлари учун замонавий маркетинг ёндашувлари бўйича амалий семинар ўтказилиб, лицензиялаш, кадрлар тайёрлаш ва туристик хизматларини сертификатлашга доир консультациялар ўтказилди.
Ҳозирда ишлар ҳудудларда туризмни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини аниқлашга қаратилмоқда. Жумладан Фарғона водийси, Хива–Нукус туристик коридори ва юқори салоҳиятга эга бошқа маршрутларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, стратегиянинг оралиқ натижаларини муҳокама қилиш ҳамда Марокаш тажрибасини Ўзбекистон шароитларига мослаштириб тақдим этиш режалаштирилган. Шу билан бирга, мамлакат брендини халқаро бозорларда танитиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.
Стратегиянинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида авто- ва мототуризмни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилмоқда. Хусусан, туристлар автомобиль ва мототранспортда борадиган тоғли ва очиқ табиат ҳудудларда индивидуал лойиҳалар асосида кемпинглар ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистонда хорижий ишлаб чиқарувчилар иштирокида автофургон ва тиркамалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, магистраль йўлларда катта ҳажмли ёнилғи омборлар қуриш заруратисиз ихчам “ақлли” ёнилғи қуйиш шохобчаларини ўрнатиш таклиф этилмоқда. Бу каби чоралар кичик бизнес учун қўшимча шароит яратиши ва автотуризм инфратузилмаси тармоғини кенгайтириш имконият мумкин.
Хорижий тажрибада бу моделнинг иқтисодий самарадорлигини тасдиқланган: АҚШ, Германия ва Франция каби давлатларда авто- ва мототуризм ҳар йили миллиардлаб доллар даромад олиб келади ва ички талабни барқарор тарзда қўллаб-қувватлайди.
Ушбу ташаббуслар Ўзбекистон туризмини 2040 йилгача ривожлантириш стратегиясининг бир қисмига айланиб, барча тоифадаги саёҳатчилар учун қулай, замонавий ва очиқ муҳит яратишга хизмат қилади.