Ўзбекистон пойтахти бутун дунё мутахассислари ва тупроқшуносларининг учрашув майдонига айланди – Тошкентда бирданига шўрланган тупроқлар бўйича учта йирик халқаро тадбир, яъни, Шўрланган тупроқлар халқаро тармоғи(INSAS) нинг иккинчи йиғилиши, Евросиё субминтақавий тупроқ ҳамкорлигининг олтинчи ялпи йиғилиши ва шўрланган тупроқларни таҳлил қилиш бўйича Глобал тупроқ лабораториялари тармоғининг (GLOSOLAN) тренинги бўлиб ўтди. Йирик халқаро форумда 150 нафар иштирокчи, жумладан, Австралия, Арманистон, Бангладеш, Бирлашган Араб Амирликлари, Грузия, Испания, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон, Малайзия, Нидерландия Қироллиги, Танзания Бирлашган Республикаси, Покистон, Сенегал, Туркманистон, Ўзбекистон, Франция, Хитой, Эрон Ислом Республикаси каби мамлакатлардан мутахассислар иштирок этди.
Глобал тупроқ ҳамкорлиги (GSP), Евроосиё тупроқ ҳамкорлиги (EASP) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги Ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бир қатор миллий ҳамкорлар билан биргаликда ушбу тадбирларнинг ташкилотчилари бўлдилар. Ушбу йирик халқаро тадбирларни ўтказиш Ўзбекистоннинг ФАОдаги доимий вакили Отабек Акбаровнинг саъй-ҳаракатлари туфайли амалга оширилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳамкорлик доирасида “Глобал тупроқ ҳамкорлиги доирасида тупроқ ресурсларини барқарор бошқаришни қўллаб-қувватлаш – III фаза” лойиҳаси имзоланди. ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхоаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров таъкидлаганидек: “Ушбу лойиҳа ҳужжатининг имзоланиши катта ютуқ бўлди. Лойиҳа тупроқ ресурсларини барқарор бошқариш соҳасидаги миллий, минтақавий ва глобал салоҳиятни янада мустаҳкамлашга қаратилган”.
Тупроқнинг шўрланишига бағишланган қатор тадбирлар орасида INSASнинг иккинчи йиғилиши муҳим ўрин эгаллади. Ушбу йиғилиши ўтган даврда эришилган ютуқларни кўриб чиқиш ва баҳолаш, устувор йўналишларни аниқлаш ва 2023-2024 йилларга мўлжалланган иш режасини ишлаб чиқиш, шунингдек, тармоқ аъзоларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва табиий ресурсларни самарали бошқариш ва тупроқнинг шўрланишига қарши курашиш соҳасидаги уларнинг билим ва кўникмаларини оширишга ҳисса қўшиш мақсадида чақирилади. INSAS тренинглари тупроқдаги сув ва тузларнинг ҳаракатини моделлаштириш, манфаатдор томонларни аниқлаш ва уларнинг шўрланган ерларни барқарор бошқаришга таъсирини баҳолаш, шунингдек фермер хўжалиги даражасида электромагнит индукция ёрдамида тупроқ шўрланишини хариталашни ўз ичига олди.
“Барча тавсиялар, шу жумладан илмий-техник маълумотлар фермерлар учун тушунарли бўлишини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилиши жуда муҳимдир. Фермерлар охирги фойдаланувчи бўлиб, кундалик ҳаётда тупроқнинг шўрланиши муаммоларига дуч келганлиги сабабли, улар ушбу тавсияларни тушунишлари ва самарали бажаришлари керак. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва тупроқни муҳофаза қилиш бўйича меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ушбу жараёнларнинг атроф-муҳитга мумкин бўлган таъсирини ҳисобга олиш керак. Бундай комплекс ёндашув барқарор ривожланишга эришиш учун жуда муҳимдир”, - деди INSAS раиси Хорхе Батье-Салес.
GLOSOLAN тренинглари Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Тупроқсифаттаҳлил» давлат унитар корхонасида ўтказилади. Лаборатория машғулотлари халқаро экспертлар ва INSAS вакиллари томонидан ўтказилди. Иштирокчилар тупроқ шўрлиги, pH ва бор миқдорини ўлчашни ўргандилар. Шунингдек, улар тупроқ лабораторияларини бошқариш, шу жумладан сифат назорати ва кафолатининг амалдаги халқаро стандартлари ҳақида кўпроқ билиб олдилар.
«Тренинглар давомида биз GLOSOLAN доирасида халқаро миқёсда уйғунлаштирилган тупроқ шўрланишини баҳолашнинг янги стандарт тартибларининг афзалликларини намойиш этамиз. Ушбу усуллар шундай тузилганки, уларни дунёнинг исталган нуқтасида тупроқ шўрланиши мавжуд бўлган жойда қўллаш мумкин. Бундай тартиблар натижалари тупроқ унумдорлигини ошириш ва ер деградациясига қарши курашиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади", деди GLOSOLAN техник қўмитаси аъзоси Георгий Гамбашидзе.
Евросиё субминтақавий тупроқ ҳамкорлигининг 6-чи ялпи йиғилишида Евроосиё минтақасининг 12 та мамлакати вакиллари минтақада тупроқни барқарор бошқариш усулларини жорий этишдаги мавжуд тўсиқларни муҳокама қилдилар ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш учун минтақавий ҳамкорлик ва билим алмашинувини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида келишиб олдилар. Евроосиё тупроқ ҳамкорлигининг мажбуриятлари бир овоздан қабул қилинган Тошкент коммюникесида баён этилган. Ялпи мажлисда Субминтақавий Евроосиё тупроқ ҳамкорлигининг янги иш режаси муҳокама қилинди ва ўзаро келишилди, янги раис ва раис ўринбосари сайланди.
Тадбирлар доирасида Ўзбекистонда ФАО томонидан амалга оширилаётган ва Глобал Экологик Жамғарма (GEF) томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси томонидан қўшимча тадбир ташкил этилди. Марказий Осиёнинг суғориладиган ерларида тупроқ шўрланишига қарши курашишга бағишланган тадбирда мутахассислар шўрланиш сабаблари, тупроқ деградациясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини муҳокама қилдилар, илғор тажрибалар билан ўртоқлашдилар ва бу борадаги минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Якуний тадбир иштирокчиларнинг Орол денгизига ташрифи бўлди. Ташриф дастурига Оролбўйи халқаро инновацион маркази, Муйноқдаги Орол денгизи музейи, шунингдек Орол денгизининг собиқ қирғоқлари бўйлаб саёҳат кирди.
Ташриф давомида хорижий ва миллий экспертлар тузга чидамли галофит ўсимликлар намойиш қилинаётган SATREPS (Барқарор ривожланиш учун илмий ва технологик тадқиқотлар бўйича ҳамкорлик) дала майдонига ташриф буюришди. Мутахассислар тупроқнинг шўрланишини юмшатиш ва шўрланишдан таъсирланган қишлоқ хўжалиги ерларининг иқтисодий фойдасини ошириш учун аралаш деҳқончилик тизимида кўп мақсадли галофитлар ва тузга чидамли гликофитларни (шўрланган тупроқларда яшашга мослашиш имконияти жуда чекланган ўсимликлар) етиштиришнинг афзалликларини муҳокама қилдилар. Ташриф иштирокчилари Амударё делтасида жойлашган Қорабуға кўргазма майдонида ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар билан танишдилар. Бундан ташқари, ташриф давомида тупроқ шўрланишини ўлчаш учун ЕМ-38 электромагнит индукцион қурилмаси ёрдамида ерларни хариталаш бўйича тренинглар ўтказилди.
Ўтган тадбирлар ерларнинг шўрланишига қарши курашиш ва глобал миқёсда тупроқ саломатлигини таъминлаш бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди. Бундай тадбирлар қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимларининг барқарорлигини ошириш, шунингдек, ҳеч кимни ортда қолдирмаган ҳолда ишлаб чиқаришни яхшилаш, овқатланишни яхшилаш, атроф-муҳитни яхшилаш ва ҳаёт сифатини яхшилашни таъминлаш учун муҳимдир.