Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Осиё тараққиёт банки билан биргаликда соҳани рақамлаштириш стратегиясини ишлаб чиқади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 17 апрель куни Транспорт вазирлиги, унинг тизим ташкилотлари ва соҳавий ташкилотлар масъул ходимлари иштирокида Осиё Тараққиёт Банки томонидан ёлланган халқаро консультантлар билан семинар ўтказилди.
Видеоконференс-алоқа шаклида ташкил этилган семинарда транспорт соҳасида кўрсатилаётган барча хизматларни аудитдан ўтказиш ва рақамлаштирилмаган бизнес жараёнларни аниқлаб, халқаро тажриба асосида транспорт соҳасини рақамлаштиришнинг ягона концепциясини ишлаб чиқиш масалалари Осиё Тараққиёт Банки вакиллари билан муҳокама этилди.
Транспорт вазирлигининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш бўлими, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Рақамли транспорт маркази” ДМ, идоравий мансуб ташкилотлар ҳамда Осиё Тараққиёт Банки билан ҳамкорликда ташкил этилган семинарда Транспорт соҳасини рақамлаштириш стратегия лойиҳасини ишлаб чиқиш учун аудит ўтказиш масалалари белгилаб олинди.