Ўзбекистон ТИВ Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги чегарадаги можарони тинч йўл билан ҳал этишга чақирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги вазиятга оид саволлар юзасидан баёнот билан чиқди. Вазирликда таъкидланишича, икки давлат чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашув билан боғлиқ вазият ривожи диққат билан кузатиб борилмоқда.
Ўзбекистон барча тарафларни можарони тинч йўл билан ҳал этишга ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилишга чақирмоқда.
Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, Таиланд ва Камбоджада яшовчи Ўзбекистон фуқаролари орасида жабрланганлар йўқ. Таиланд пойтахти ва сайёҳлик ҳудудларида вазият барқарор, ҳозирча хорижий туристлар учун таҳдид кузатилмаяпти.
Шу билан бирга, ТИВ Ўзбекистон фуқароларига Камбоджа билан чегарадош ҳудудларга сафар қилишдан тийилишни ва расмий ахборотларни диққат билан кузатиб боришни тавсия этмоқда.
Фавқулодда ҳолатлар юзага келган тақдирда фуқаролар Бангкокдаги Ўзбекистон Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин: (+66-2) 675-3995 ва (+66-2) 675-3996.
Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўришда давом этмоқда.