Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 04/11/2016 “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Юнусобод йўлининг тугалланмаган қисмини охирига етказиш, Олмазор-Сергели йўлини қуриш ишларини амалга оширади
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Юнусобод йўлининг тугалланмаган қисмини охирига етказиш, Олмазор-Сергели йўлини қуриш ишларини амалга оширади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Йилдан-йилга аҳоли сонининг ўсиб бориши ва метрополитендан фойдаланишга бўлган талабининг юқорилиги боис янги метро йўналишларини барпо этиш, ушбу соҳани тубдан модернизация қилиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Бундай улкан лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш мазкур йўналишда барчага ўрнак бўлаётган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга ишониб топширилди. Унга кўра, акциядорлик жамияти Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг тугалланмаган қисмини охирига етказиш, Олмазор-Сергели йўлини қуриш ишларини амалга оширади.

Маълумки, ер юзида 200 дан ортиқ давлат бўлиб, уларнинг атиги 71 тасида метрополитен бунёд этилган. Жумладан, Марказий Осиёда илк маротаба 1977 йилда пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ер ости транспорти – метро ишга тушди. Мураккаб муҳандислик комплекси дастлаб 12,2 километрни ташкил этган бўлиб, 9 та стантсия фаолият олиб борган. Ҳозирги кунга келиб, Тошкент метрополитенида 3 та йўналишда 29 та станция мавжуд бўлиб, унинг узунлиги 39 километрга етган, деб хабар беради Ахборот хизмати.

2001 йилнинг август ойида Тошкент шаҳрининг аҳолиси зич жойлашган мавзелардан бўлган Юнусобод туманида метрополитеннинг янги юналиши ишга туширилди. Унда лойиҳанинг биринчи босқичи амалга оширилиб, узунлиги 7,6 километр бўлган 6 та бекат фойдаланишга топширилди.

— Бугунги кунда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан Юнусобод йўлининг “Шаҳристон” ва “Туркистон” бекатларигача бўлган узунлиги 2,7 километрни ташкил этувчи, лойиҳа доирасида битказилмай қолган ҳудудда ишлар бошлаб юборилди, — дейди лойиҳа бош муҳандиси Суннат Жумабоев.

— Ҳозирда мавжуд 2 та шахта ва туннелларда ҳам модернизация жараёни амалга оширилаяпти. Ушбу йўналишдаги бекатлар ва йўллар замон талабларига мос равишда қуриляпти.

Лойиҳа доирасида Сергели мавзесигача “Енгил метро” тизимини, яъни ернинг устидан эстакадалар (кўприклар) орқали ўтган янги метрополитен йўлини қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилди. Маълумки, муҳандис-геологик омилларга кўра, Сергели мавзесига ер ости метросини қуриш мураккаб иш. Метрополитеннинг “Олмазор” бекатидан Сергели мавзесигача узунлиги 7,1 километрни ташкил этувчи 6 та бекат қурилиши режалаштирилган. Унга кўра, метро ер остида эмас, эстакадалар орқали ҳаракатланади.

— Сергели йўналиши метронинг “Олмазор” бекатидан уланади, — дейди лойиҳа бош муҳандиси Суннат Жумабоев. — Мураккаб муҳандислик лойиҳалари асосида бунёд этилаётган иншоот шаҳримизнинг “Чоштепа” маҳалласи оралиғидан ўтади. Янги йўлнинг сўнгги бекати Спутник мавзесидаги Марғиб кўчаси бўлади. Қурилиш жараёнида узунлиги 26 метрни ташкил этувчи кўплаб балкалар ўрнатилади. Лойиҳа 4 йилга мўлжалланган. Бекатларда эскалаторлар, кутиш майдончаси ўрнатилади, амалиётга сўнгги русумдаги технологиялар жорий этилади.

Янги қурилаётган метрополитен йўналиши шаҳримизнинг саноат туманларидан бири бўлган Сергелига етиб келиши нафақат аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш эҳтиёжини қондиради, балки туман инфратузилмасининг ривожланишида ҳамда ушбу худудларни янада обод, кўркига кўрк қўшишда хизмат қилиши шубҳасиз.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг